АҚШ-Исроилнинг Эронга қарши ҳужуми фонида Россия нефт компанияларининг акциялари қимматлашди
Москва биржасида йирик нефть компаниялари акциялари 2,7 фоизгача қимматлашган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий амалиёти Россия фонд бозорида нефть компаниялари акциялари кескин ўсишига сабаб бўлди. 28 феврал куни Москва биржасида ўтган дам олиш кунги савдоларда сектор акциялари 1,5–2,7 фоиз оралиғида қимматлашди, деб хабар бермоқда РБК нашри.
Маълумотларига кўра, «Lukiol» акциялари 2,15 фоизга ошиб 5333 рублга етди. «Роснефт» 2,73 фоизга қимматлашиб 405 рублни ташкил этди. «Газпром нефт» акциялари 2,27 фоизга ўсди, «Татнефт» 2,76 фоизгача кўтарилди. Шунингдек, «Башнефт» ва «Сургутнефтегаз» акциялари ҳам 1,8–2,5 фоиз атрофида ўсиш қайд этди.
Айни пайтда Лондоннинг ICE биржасида Brent нефти бўйича савдолар ўтказилмади, Comex майдонида олтин савдоси ҳам амалга оширилмади. Бироқ жума куни май ойи учун Brent фючерслари нархи сўнгги саккиз ойда илк бор баррели 73 доллардан ошган эди.
Бозор иштирокчилари геосиёсий кескинлик нефт етказиб бериш занжирига хавф туғдириши мумкинлигидан хавотирда. Эрон ОПЕКда тўртинчи йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади ва кунига тахминан 3,2 млн баррель нефт қазиб олади.
Айниқса, Ҳўрмуз бўғозида юк ташишга эҳтимолий чекловлар жаҳон бозорига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ушбу йўлак орқали дунё нефт таъминотининг қарийб 20 фоизи ўтади.
Freedom Finance Global таҳлилчиси Наталя Милчаковага кўра, Brent учун ўрта муддатли тренд 73–75 доллар диапазонида шаклланмоқда. Агар вазият кескинлашса, нарх яқин икки ҳафта ичида 80 долларгача етиши эҳтимоли бор. ANZ таҳлилчилари ҳам бозор учун асосий хавф Ҳўрмуз бўғозида юзага келиши мумкин бўлган узилишлар билан боғлиқ эканини таъкидламоқда.





