АҚШ ва Эрон таранглиги: Форс кўрфазига қўшимча авиаташувчи кемалар юборилгани айтилди
Хабарларга кўра, АҚШ «USS Gerald R. Ford» кемасини Кариб денгизидан Форс кўрфазига ўтказишга қарор қилган.

АҚШ Эрон билан муносабатлардаги таранглик фонида «USS Gerald R. Ford» авиаташувчи кемаси ва унга ҳамроҳлик қилувчи кемаларни Кариб денгизидан Форс кўрфазига ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда «The New York Times» нашрига америкалик тўрт нафар мулозим маълум қилди.
12 февралда олинган буйруққа биноан, «USS Gerald R. Ford» аввалроқ Яқин Шарққа юборилган «USS Abraham Lincoln» бошчилигидаги авиашарба гуруҳига қўшилади. Манбаларнинг сўзларига кўра, кемалар апрел ойи охиридан олдин ўз доимий портларига қайтмайди.
Кеманинг жанговар ўтмиши ва Яқин Шарқдаги янги кучлар
«USS Gerald R. Ford» авиация гуруҳи 3 январ куни Каракасда Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш операциясида иштирок этган эди. Ўшанда кема бортида 4 мингга яқин америкалик ҳарбийлар ва ўнлаб тактик авиация бирликлари бўлган.
Аввалроқ, «The Wall Street Journal» манбалари яна бир авиация ташувчи кема — «USS George H. W. Bush» Яқин Шарққа жойлаштиришга тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ олганини хабар қилган эди. Ҳозирда у Виржиния қирғоқларида бўлиб турибди.
Трампнинг ултиматуми
Куни кеча АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан бир ой ичида келишувга эришишдан умидворлигини билдирди.
«Биз келишув тузишимиз керак, акс ҳолда вазият жуда оғриқли тус олади», — дея огоҳлантирди у.
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ядровий келишув бўйича сўнгги музокаралар 7 феврал куни Уммон султонлигида бўлиб ўтди. Якунларга кўра, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи республика уранни тинч мақсадларда бойитишдан воз кечмаслигини ва ракета дастурини тўхтатмаслигини айтиб, охиргиси «мудофаа масаласи» эканини таъкидлади. Томонлар маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олдилар.
«Ярим тун болғаси» операцияси
Трамп бир неча бор АҚШни фақат Эронни ядро қуролидан ва уни етказиб берувчи ракеталардан маҳрум қиладиган келишувгина қониқтиришини таъкидлаган. У акс ҳолда республикани 2025 йил ёзидаги «Ярим тун болғаси» (Midnight Hammer) операциясидан ҳам «анча кучлироқ» ҳужум кутаётганидан огоҳлантирди.
Бундан олдин, Эрондаги намойишларнинг шафқатсизларча бостирилиши фонида, Трамп куч ишлатиш эҳтимолини тан олган эди. У бир неча бор республика қирғоқларига «Tomahawk» қанотли ракеталари билан қуролланган кемалар «армадаси» йўл олаётганини айтган эди.





