Logo

АҚШга парвоз қилаётганлар учун янги талаб жорий этилди

Bugun 19:522 daqiqa

2026 йил 3 ноябрдан АҚШга учадиган йўловчилар сўнгги 21 кун давомида Конго Демократик Республикасида бўлмаганини тасдиқловчи декларацияни тўлдириши шарт.

АҚШга парвоз қилаётганлар учун янги талаб жорий этилди

2026 йилнинг 3 ноябридан бошлаб АҚШга парвоз қилаётган барча йўловчилар учун сўнгги 21 кун ичида Конго Демократик Республикасида бўлмаганлигини тасдиқловчи мажбурий декларация тўлдириш талаби кучга киради. Мазкур ҳужжатни тақдим этмаган фуқаролар рейсга чиқишга қўйилмайди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airways» матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, янги чеклов ва тартиблар АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) томонидан белгиланган.

Қайд этилишича, бу талаб хорижий давлатлардан Америка Қўшма Штатларига учаётган барча йўловчилар, шу жумладан, транзит орқали ҳаракатланаётган фуқароларга ҳам бирдек тааллуқли.

Унга кўра, ҳар бир йўловчи парвоздан олдин махсус қоғоз ёки электрон декларацияни тўлдириши ва шахсан имзолаши шарт.

Транзит шартлари ва ёлғон маълумот учун жавобгарлик

Авиакомпания хабарида Конго Демократик Республикаси (КДР) орқали транзит парвозларини амалга оширганлар масаласига алоҳида ойдинлик киритилган.

Унга кўра, агар йўловчи КДР аэропорти орқали транзитдан ўтган бўлса, ҳатто самолёт бортини ёки аэропорт биносини тарк этмаган тақдирда ҳам, ушбу мамлакат ҳудудида бўлганлик сифатида баҳоланади.

Шунингдек, вояга етмаган, яъни 18 ёшга тўлмаган йўловчиларнинг декларацияси уларнинг ота-онаси, васийси ёки бошқа ваколатли шахслар томонидан тўлдирилиб, имзоланиши белгиланган.

«Декларацияни тақдим этмаган йўловчилар рейсга чиқишга қўйилмайди. Шу билан бирга, била туриб ёлғон маълумот тақдим этиш АҚШ қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин», — дея таъкидланади «Uzbekistan Airways» баёнотида.

Шу муносабат билан, компания йўловчиларга янги талаблар билан олдиндан танишиб чиқишни ва аэропортга келишдан аввал тегишли декларацияни тайёрлаб қўйишни тавсия қилган.

Teglar

Mavzuga oid