Logo

Айрим ҳудудларда хусусий мактаб очиш учун 1,5 млрд сўмгача субсидия берилади

Bugun 17:123 daqiqa

Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб очиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади. Хусусий техникум ташкил этадиган тадбиркорлар солиқ имтиёзи ва ер нархидан чегирма олади. Бундан буён минтақавий ва халқаро касб танлови ғолибини тайёрлаган устга 100 млн сўм, жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақа ғолибини тайёрлаган устозга 200 млн сўм мукофот берилади.

Айрим ҳудудларда хусусий мактаб очиш учун 1,5 млрд сўмгача субсидия берилади

Президент ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очишни қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий механизмларини эълон қилди. Ушбу ҳудудларда мактаб ташкил этиш учун 7 йиллик 10 фоизли имтиёзли кредит, очиш ва жиҳозлаш харажатининг 15 фоизигача, кўпи билан 1,5 миллиард сўм субсидия берилади. Биносини мактабга ижарага берганлар ер ва мол-мулк солиғидан имтиёз олади.

Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб очиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади. Халқаро аккредитациядан ўтиш харажатининг ярми қопланади.

Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегараси 3 миллиондан 6 миллион сўмга оширилади. Президент матбуот котибининг ёзишича, бу оилаларга йилига 6-7 миллион сўм тежаш имконини беради. Солиқ идоралари тўловларни ҳар ой якунида автоматик қайтариш тизимини йўлга қўяди.

Жорий йил 1-синфга 800 минг бола қабул қилинди — ўтган йилгига нисбатан 10 фоиз кўп. 2030-йилга бориб, уларнинг сони 1 миллионга етиши кутилмоқда. Ҳар йили инвестиция дастурлари ҳисобидан 180-200 минг ўқувчи ўрни яратилмоқда.

Икки йилда инклюзив муҳит яратилган мактаблар сони 729 тадан 3 минг 591 тага, яъни қарийб беш баробарга ошди. Давлат раҳбари алоҳида ғамхўрликка муҳтож фарзандлар доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.

Яқинда Тошкент шаҳрида кўп функционал инклюзив ресурс мактаби иш бошлади. У ерда кўриш, эшитиш ёки ҳаракатланишида нуқсони бўлган, шунингдек, руҳий ривожланишда қўшимча ёрдамга муҳтож болалар соғлом тенгдошлари билан бир муҳитда ўқиб, тарбия олади. Бундай мактаблар йил охиригача Хоразм, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, келгуси икки йилда эса барча ҳудудларда очилади.

Давлат раҳбари боғчалар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Ўйин орқали таълим беришга қаратилган дастур ҳозир боғчаларнинг 30 фоизида амал қилади. Йил якунига қадар у 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига жорий этилади.

Тошкентда UNESCO шафелигида Болаларни эрта ёшдан таълимга жалб қилиш минтақавий маркази ва Италиянинг Режжио Эмилия маркази иш бошлади. Улар халқаро стандартлар ва инновацион ечимларни жорий этиш, ўйин орқали таълим бўйича амалий қўлланмалар тайёрлашга хизмат қилади.

Ҳар йили 50 нафар илғор тарбиячи хорижда стажировка ўтайди, барча боғчалар учун 100 та видеоконтент тайёрланади. Уч йиллик дастур асосида давлат боғчалари электрон доска, компьютер ва рангли принтер билан жиҳозланади.

«Аёллар ишли бўлса, оилага қўшимча даромад киради, болаларнинг билим олишига кўпроқ шароит яратилади», — деди президент.

Шу боис, 2027-йил 1-январдан 2-3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишли оналарнинг бадал пули бюджет ҳисобидан қопланади. Боғча тарбиячиларига ишлаб туриб олий маълумот олиш имкони яратилган. Жорий йил уларнинг 7 минг нафари олийгоҳга кирди: ҳафтада беш кун ишлаб, бир кун ўқимоқда. Келаси ўқув йилидан тарбиячилар учун педагогика олийгоҳларидаги ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқаради. Боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.

Халқаро дастурлар босқичма-босқич барча техникумларга жорий этилади. Бунинг учун усталарни тайёрлаш ва рағбатлантириш ҳам кучайтирилади: келаси йилдан халқаро касб сертификатига эга устага 50 фоиз устама тўланиб, сертификат харажати тўлиқ қопланади. Ҳар йили 500 нафар техникум устаси Германия, Швейцария, Туркия ва Хитой каби давлатларда стажировка ўтайди.

Бундан буён минтақавий ва халқаро касб танлови ғолибини тайёрлаган устга 100 миллион сўм, жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақа ғолибини тайёрлаган устозга 200 миллион сўм мукофот берилади.

Хусусий техникум ташкил этадиган тадбиркорлар солиқ имтиёзи ва ер нархидан чегирма олади. Келаси ўқув йилидан саноат, сервис ва инфратузилма каби муҳим соҳаларга кадр тайёрлайдиган хусусий техникум ўқувчиларининг 50 фоизига давлат гранти ажратилади. Халқаро дастур ва франшиза олиб келиш харажатининг 75 фоизи қопланади. Ўқув лабораториялари ва жиҳозларини олиб кириш божхона тўловларидан озод қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчиларига 30 млн сўмдан мукофот берилиши ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid