БАА Эроннинг иқтисодий «томири»ни кесмоқчи
Яқин Шарқдаги ҳарбий тўқнашувлар фонида Бирлашган Араб Амирликлари Эрон активларини музлатишни кўриб чиқмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати давом этаётган ракета ва дронлар ҳужумига жавоб чораси сифатида Эроннинг мамлакат ҳудудидаги активларини музлатишга тайёр экани ҳақида Теҳронга огоҳлантириш берди.
«The Wall Street Journal» нашрининг хабар беришича, Амирликлар кенг кўламли молиявий чекловларни, жумладан, сохта компанияларнинг ҳисобрақамларини блоклаш ва валюта айирбошлаш шохобчаларида кенг кўламли текширувлар ўтказишни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, кутилаётган санкцияларнинг асосий нишонларидан бири Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан боғлиқ молиявий тузилмалар бўлиши мумкин. Бу эса Эроннинг ҳарбий дастурларини молиялаштириш каналларига жиддий зарба бериши кутилмоқда.
Таъкидланишича, ушбу чораларнинг амалга оширилиши Эроннинг хорижий валюта ва глобал савдо тармоқларига чиқиш имкониятини кескин чеклаб қўйиши мумкин. Чунки БАА кўп йиллар давомида Ғарб санкцияларини айланиб ўтишда муҳим молиявий марказ вазифасини ўтаб келган. Теҳрон Амирликлар инфратузилмаси орқали жаҳон бозорига нефть экспорт қилишни давом эттирган ва тушган маблағларни расмий банк каналларини четлаб ўтиб, маҳаллий айирбошлаш пунктлари орқали нақдлаштириб келган.
28 февраль куни Исроил қуролли кучлари Эрондаги ҳарбий объектларга ҳужум қилди. Исроил мудофаа вазири Исраэл Катц буни «олдини олувчи зарба» деб атади ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Кейинроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик ва «бевосита таҳдид»ни бартараф этиш мақсадида Исроил билан ҳамкорликда Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини расман тасдиқлади.
Ҳозирда Яқин Шарқ минтақасидаги вазият кенг кўламли ҳарбий тўқнашув босқичига ўтган. АҚШ ва Исроилнинг қўшма операциясидан сўнг, Теҳрон нафақат Исроилга, балки қўшни араб давлатларига ҳам дахлдор бўлган оммавий жавоб ҳужумларини бошлаган.





