«Банклар энди мижозлар учун рақобатлашади» — Темур Ишметов

Bugun 16:513 daqiqa

Ўзбекистонда бизнесни кредитлаш муқобил скоринг платформаси ишга туширилади. Платформа орқали тадбиркорлар бир вақтнинг ўзида бир нечта банк таклифларини танлаш имкониятига эга бўлиши мумкин.

«Банклар энди мижозлар учун рақобатлашади» — Темур Ишметов

Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилиши режалаштирилмоқда. 25 май куни президент Шавкат Мирзиёевга тадбиркорлар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар тақдим этилди.

Маълум қилинишича, ҳозирда кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар портфели 218 трлн сўмга етган бўлиб, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизига тенг ҳисобланади. Шу билан бирга, гаровсиз онлайн микрокредитлар улуши пастлигича қолмоқда. Бундай кредитларни ажратиш жараёни ўртача етти кун давом этаётгани қайд этилди.

Янги рақамли ечим


Тақдим этилган таклифга кўра, тадбиркорлар учун ягона рақамли молиявий платформа ишга туширилади.

Ушбу тизим орқали бизнес вакиллари кредит учун ариза юборади, бир вақтнинг ўзида бир нечта банкдан тижорат таклифларини қабул қилади ва энг мақбул вариантни мустақил равишда танлай олади.

Платформа «Электрон ҳукумат» тизимидаги рақамли маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Бу тадбиркорларга ортиқча ҳужжат йиғиш заруратини камайтиради, вақт сарфини қисқартиради ва инсон омилини чеклашга хизмат қилади.

Марказий банк раиси Темур Ишметов таъкидлашича, янги тизимнинг асосий мақсади кичик бизнесни молиялаштириш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга кўмаклашишдан иборат.

Унинг сўзларига кўра, платформа олдига икки асосий вазифа қўйилган. Биринчи мақсад — тадбиркорларни кредит олиш учун банкларга бориб ўз лаёқатини исботлашдан халос қилиш. Яъни келгусида яхши мижозлар учун банкларнинг ўзи рақобатлашади.

Иккинчи мақсад эса молиявий интизомни ошириш ҳисобланади. Агар мижознинг скоринг кўрсаткичи паст бўлса, тизим унинг қайси молиявий муносабатларида муаммо мавжудлигини кўрсатиб беради. Бу эса тадбиркорларга ўз молиявий хулқ-атворини яхшилаш ва кредит тарихини шакллантириш имконини беради.

«Биз бу платформа орқали икки асосий мақсадни кўзлаяпмиз. Биринчиси — тадбиркорлар энди кредит олиш учун банкма-банк юриб, ўзининг кредитга лаёқатли эканини исботлаб ўтирмайди. Аксинча, кредитга лаёқатли ва ишончли мижозлар учун банкларнинг ўзи рақобатлашади», — деди Темур Ишметов Ўзбекистон24 каналига берган интервьюсида.

«AI маслаҳатчиси» дастури ҳам ишга туширилади

2026 йил 1 декабрдан бошлаб платформа доирасида сунъий интеллект технологиялари элементларидан фойдаланган ҳолда муқобил скоринг модели жорий этилади.

Анъанавий скоринг асосан кредит тарихига таянса, муқобил скоринг бизнес фаоллиги, коммунал тўловлар, айланмалар, солиқ ва бошқа рақамли маълумотларни ҳам ҳисобга олади.

Бу кредит тарихи мавжуд бўлмаган тадбиркорларни ҳам баҳолаш, уларга молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга йўл очади.

Шунингдек, келгусида сунъий интеллект асосида тадбиркорнинг кредит тарихини яхшилаш, келгусидаги хатарларни баҳолаш ва бизнесни ривожлантириш бўйича тавсияларни шакллантириш имконияти яратилади.

Тижорат банклари томонидан «AI маслаҳатчиси» дастурини ишга тушириш ҳам назарда тутилмоқда. Мазкур дастур маҳаллалар ихтисослашуви ва ўсиш нуқталарини ҳисобга олган ҳолда бизнес ғояларни ишлаб чиқиш, уларни молиялаштириш имкониятларини аниқлашга кўмаклашади.

Қўшимча имкониятлар


Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ҳам қўшимча енгилликлар белгиланмоқда. Аввал дастур доирасида микрокредитдан фойдаланган ва ижобий кредит тарихига эга тадбиркорлар учун микрокредитнинг гаровсиз қисми 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади.

Қолаверса, кредит ёки лизинг миқдоридан қатъи назар, унинг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми учун фоиз харажатлари компенсация қилинади.

Ҳар йили ўз фаолиятини кенгайтирган ва юқори натижа кўрсатган 100 та тадбиркорлик субъектига рақамлаштириш, халқаро стандартлар ва “яшил” технологияларни жорий этиш билан боғлиқ харажатлар учун 300 миллион сўмгача грант ажратиш таклиф этилди.

Мирзиёев тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, кредит тарихига эга бўлмаган кичик ва ўрта бизнес субъектларига молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, платформа хавфсизлиги ва маълумотларнинг ҳимояланганлигини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid