Банкларда микроқарзлар фоизи рекорд даражада пасайди
Микроқарзлар бўйича ўртача ставка 29,3 фоизга тушди. Бу кўрсаткич Марказий банк микроқарз ва автокредитларнинг ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошлаганидан бери кузатилган энг паст даража бўлди.

Марказий банк 2026 йил 23 февраль ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.
Янги ҳафтада микрокредитлар бўйича ўртача ставка 29,3 фоизни, автокредитлар бўйича эса 22,9 фоизни ташкил этди. Марказий банк 2025 йил 1 июлдан бошлаб микрокредитлар ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари эълон қилмоқда. Янги ҳафтадаги кўрсаткич ўртача фоиз ставкаларини эълон қилиш бошлангандан бери кузатилган энг паст даража бўлди.
Бир ҳафта олдин мос равишда 30,0 фоиз ва 23,0 фоиз ставкалар қайд этилган эди.
Микрокредитлар

Микрокредитлар сегментида энг паст ставка 22,7 фоиз билан «Алоқабанк» томонидан таклиф қилинмоқда. Ундан кейин «Инфинбанк» 24,0 фоиз ва «Трастбанк» 24,9 фоиз билан нисбатан қулай шартларни тақдим этмоқда. Ўтган ҳафтада эса энг паст ставка 24,0 фоиз билан «Инфинбанк»да кузатилган, ўртача бозор кўрсаткичи 30,0 фоизни ташкил этган эди.
Ўрта сегментда «БРБ» 25,1 фоиз, «Миллий банк» 25,3 фоиз ва «ОФБ» 25,8 фоиз атрофида микрокредит ажратмоқда. Энг юқори ставкалар «Анорбанк»да 41,9 фоиз, «Тенге банк»да 42,6 фоиз ва «АВО банк»да 39,9 фоиз даражасида шаклланган.
Автокредитлар

Автокредитлар бозорида энг паст ставка 17,2 фоиз билан «Ипотека банк» томонидан таклиф этилмоқда. Шунингдек, «Апех банк» 18,7 фоиз ва «Гарант банк» 19,8 фоиз ставка билан кредит ажратмоқда. Ўтган ҳафтада энг мақбул таклиф 17,0 фоиз атрофида бўлиб, ўртача бозор кўрсаткичи 23,0 фоизни ташкил этган.
Юқори сегментда автокредит ставкалари «Мадад Инвест банк»да 28,3 фоиз, «Трастбанк»да 26,6 фоиз ва «Микрокредитбанк»да 26,4 фоиз даражасида шаклланган. Бу эса бозорда рақобат кучайиб, ставкалар босқичма-босқич пасайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Teglar






