БҲМ ошди: унинг ўсиши инфляция ва аҳоли даромадларига қандай таъсир қилади?
Ўзбекистонда сўнгги етти йилда БҲМ 223 минг сўмдан 440 минг сўмгача ошиб, қарийб икки баравар кўпайди. Айрим йилларда унинг ўсиши инфляциядан юқори бўлди, бу эса БҲМга боғланган тўловлар миқдорини ҳам оширди. Vaqt.uz БҲМнинг белгиланиши, унинг инфляция ҳамда даромадларга таъсирини ўрганди.
© SI asosida yaratilgan2026 йил 1-сентабрдан Ўзбекистонда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 412 минг сўмдан 440 минг сўмга етди. БҲМга боғланган давлат божлари, жарималар, айрим лицензия ва рухсатномалар, давлат хизматлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдори ҳам ошди.
Бироқ гап фақат БҲМнинг ошишида эмас. У қандай белгиланади, уни белгилашда инфляция ҳамда аҳоли даромадлари ҳисобга олинадими? Vaqt.uz бу масалани батафсил ўрганди.
БҲМ нима ва у қандай белгиланади?
Базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) — давлат томонидан белгиланадиган ва турли тўловларни ҳисоблашда қўлланадиган ўлчов бирлиги. У давлат божлари, йиғимлар, маъмурий жарималар ва айрим давлат хизматлари учун тўловларни белгилашда ишлатилади. Яъни БҲМнинг ўзи тўлов эмас, балки унинг миқдорини ҳисоблаш учун асос бўлади.
БҲМ миқдори автоматик равишда ҳисоблаб чиқилмайди. Унинг янги миқдори давлат томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланади. Ҳужжатда БҲМнинг янги миқдори ва у қачондан бошлаб амал қилиши кўрсатилади.
Бунда БҲМни ошириш учун инфляция ёки бошқа бир кўрсаткичга боғланган қатъий мезон мавжуд эмас. Бироқ БҲМни қайта кўриб чиқишда инфляция ва нархлар ўзгариши, аҳоли даромадлари, бюджет имкониятлари ҳисобга олиниши керак. Чунки БҲМнинг ўзгариши, аввало, унга боғланган тўловларда акс этади.
Бундай тўловлар одатда БҲМнинг маълум бараварида белгиланади. Масалан, амалдаги БҲМ 440 минг сўм бўлса, 3 БҲМ миқдоридаги тўлов 1 млн 320 минг сўмни ташкил этади. Демак, БҲМ оширилганда, унга боғланган тўловларнинг сўмдаги миқдори ҳам ошади.
БҲМ сўнгги етти йилда 2 баробарга ошди
Дастлаб БҲМ алоҳида ҳисоблаш кўрсаткичи сифатида 2019 йил 1-сентабрдан жорий этилганди. Унгача айрим жарималар, давлат божлари ва бошқа тўловларни ҳисоблашда энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) кўрсаткичидан фойдаланилган. Ўша пайтда унинг миқдори 223 минг сўмни ташкил этган.
2020 йилда 223 минг сўм бўлган БҲМ 2026 йилга келиб 440 минг сўмга етган. Бу даврда унинг миқдори 217 минг сўмга ёки 97,3 фоизга ошган. Яъни БҲМнинг номинал қиймати етти йил ичида деярли икки баравар кўпайган. Сўнгги етти йилдаги ўзгариш эса қуйидагича:

Бироқ ўсиш барча даврларда бир хил суръатда кечмаган. Айрим йилларда у бир йўла 30–35 минг сўмга оширилган. Хусусан, 2022 йил июнида БҲМ 270 минг сўмдан 300 минг сўмга, 2024 йил октабрида эса 340 минг сўмдан 375 минг сўмга кўтарилган. Шундан сўнг, 2025 йилдан базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўм этиб белгиланган.
БҲМнинг миқдори йилдан-йилга ошиб бораётган бўлса-да, уни ўзгартириш бўйича қатъий белгиланган сана йўқ. Шу сабабли БҲМнинг ўзгариши йилнинг турли пайтларга тўғри келган. Айрим йилларда эса унинг миқдори бир йилнинг ўзида икки марта оширилган.
Буни сўнгги йиллардаги ўзгаришларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2021 йилда БҲМ икки марта – февраль ва сентябрь ойларида, 2023 йилда эса апрель ва декабрь ойларида ўзгартирилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам 7-8 ой фарқ билан оширилган.
БҲМни белгилашда йиллик тартибга ўтиш керакми?
Айрим қўшни давлатларда эса ҳисоблаш кўрсаткичини келгуси йил учун олдиндан белгилаш амалиёти мавжуд.
Масалан, Тожикистонда ҳам солиқ, жарима ва бож харажатларини аниқлашда қўлланиладиган «Ҳисоб-китоблар учун кўрсаткич» (Показатель для расчетов) ҳар йили келгуси молиявий йил учун қабул қилинадиган республика бюджети тўғрисидаги қонун билан олдиндан тасдиқланади. Хусусан, 2026 йил 1 январдан кучга кирган қонунга мувофиқ, Тожикистонда ушбу кўрсаткич 78 сомони этиб белгиланган.
Бироқ Қозоғистонда ойлик ҳисоблаш кўрсаткичи (MРП-Айлық есептік көрсеткіш) ҳар йили келгуси йил учун республика бюджети тўғрисидаги қонун билан белгиланиб, 1 январдан кучга киради. Масалан, 2026 йил учун МРП 4 325 тенге (112 минг 360 сўм) этиб белгиланган.
Шу билан бирга, Қозоғистонда ҳам бу тизим дарҳол шаклланмаган. Хусусан, 2020 ва 2022 йилларда МРП миқдори йил давомида икки марта қайта кўриб чиқилган. Кейинги йиллардан эса МРПни йилига бир марта – 1 январдан белгилаш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада кўрсаткичнинг йил давомида ўзгариши истисно ҳолатга айланиб, унинг миқдори келгуси йил учун олдиндан белгиланадиган тизим шаклланди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда БҲМни ҳар бир молия йили учун олдиндан белгилаш ва унинг амал қилиш муддатини қонунчиликда аниқ кўрсатиш масаласи қайта кўриб чиқилиши керак. Бундай тартиб БҲМ га боғланган тўловлар қачон ўзгаришини олдиндан билиш ва харажатларни режалаштириш имконини беради.
Бу масалага «Аввал иқтисод» кўрсатувининг 7 июндаги сонида БҲМни қачон ўзгартириш масаласига тўхталиб ўтилган.
«БҲМни йилнинг ўртасида эмас, йил бошида, 1 январдан ўзгартиришимиз керак. Чунки солиқлар, йиғимлар ва жуда кўп ҳисоб-китоблар БҲМга боғланган. Йил ўртасида БҲМнинг ўзгариши ҳисоб-китоблар ва ҳисоботларда кўплаб ноаниқликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун уни ҳар йили 1 январдан, инфляция ва солиқ ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб ўзгартириш тўғри бўлади.»
Нега БҲМ инфляциядан юқори, даромадлар эса ундан паст?
Сўнгги даврларда йиллик инфляция барқарорлашмоқда. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йиллик инфляция 7–8 фоиз атрофига етди. Лекин нархлар ўсиши ва БҲМ динамикасини солиштирсак, бутунлай бошқа манзара кузатилди. БҲМ 2022 йилдан ташқари йилларда расмий инфляциядан юқори ставкада оширилган:

Масалан, 2023 йилда БҲМ 13,3 фоизга ошган бўлса, йиллик инфляция 8,8 фоизни ташкил этган. 2025 йилда эса бу фарқ 2,6 фоиз бандга етган. 2026 йилда БҲМ 6,8 фоизга оширилган, инфляция эса 6,4 фоизга етган. (Ҳозирги инфляция 6,2 фоиз)
Бу ерда масала БҲМнинг инфляциядан юқори оширилиши билан бир қаторда, БҲМнинг ўзгариши аҳолининг даромадлари ва асосий харажатларига мос келишида. Чунки БҲМнинг ошиши унга боғланган кичик йиғимлардан тортиб йирик давлат божларигача бўган харажатларнинг ошишига олиб келади. Шу сабабли БҲМнинг ўсиш суръати аҳолининг тўлов қобилиятидан тезлашса, уй хўжаликларининг харажатларини кўпайтиради.
Аҳолининг реал харид қобилиятини сақлаш учун эса даромадлар ва ижтимоий тўловлар инфляцияга мос равишда ўсиб бориши керак. Шунда аҳоли ошиб бораётган нархларга мос даромад олиб, асосий эҳтиёжларини қоплай олади.
Хўш, нега БҲМ инфляциядан юқори ставкада ошмоқда?
Ахир унинг ўзгариши паспорт расмийлаштириш, машинани жарима майдонидан олиб чиқиш, лицензия олиш ёки суд харажатлари каби БҲМ асосида ҳисобланадиган тўловларга ҳам таъсир қилади. Масалан, нархлар 6,5 фоизга ошган бир пайтда БҲМ 8 фоизга кўтарилса, унга боғланган тўловлар ҳам 8 фоизга ортади. Натижада бундай мажбурий харажатларнинг ўсиши умумий инфляциядан юқори бўлиши мумкин.
Умуман олганда, келгусида БҲМни инфляциядан юқори суръатда оширмаслик, имкон қадар унинг ўсишини инфляция даражасида ёки ундан паст даражада сақлаш керак.
Шунингдек, аҳоли даромадлари нархлар ўсишидан тезроқ ўсиши таъминланиши ва БҲМ ҳар бир йил учун олдиндан, шаффоф ва аниқ мезонлар асосида тасдиқланиши шарт. Бу давлат тўловларининг оилавий бюджетга ортиқча босим қилишига чек қўйиб, фуқаролар ва бизнесга ўз харажатларини олдиндан режалаштириш имконини беради.
Яна бир масала БҲМ асосида ҳисобланадиган хизматлар ва йиғимларнинг ўзгариши расмий инфляция ҳисобида кўпинча тўлиқ акс этмайди. Бу эса аҳолининг реал харажатларини тўғри баҳолашга тўсқинлик қилади. Шу боис, барча тўлов ва хизматларнинг ягона рўйхати тузилиб, айниқса давлат хизматларининг нарх ўзгариши инфляция ҳисоб-китобига қатъий киритилиши шарт.





