Logo

«Биз Путинга аниқ сигнал йўллаяпмиз». НАТО янги ракета тизими учун қарийб 50 миллиард доллар ажратади

Kecha 22:504 daqiqa

Буюк Британия ва НАТОга аъзо яна 11 давлат Европа мудофаасини мустаҳкамлаш мақсадида янги узоқ масофали ракета тизимини яратиш учун келгуси 10 йил ичида деярли 50 миллиард доллар маблағ сарфлашни режалаштирмоқда.

«Биз Путинга аниқ сигнал йўллаяпмиз». НАТО янги ракета тизими учун қарийб 50 миллиард доллар ажратади

«BBC» нашрининг хабар беришича, Британия бош вазири идораси 8 июл куни «Deep Precision Strike» (Узоқ масофали юқори аниқликдаги зарба) лойиҳаси ишга туширилганини элон қилган. Бу ташаббус шу куни Туркиянинг Анкара шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммитида асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлиши айтилган.

НАТОнинг энг замонавий қуролларидан бири бўлиши кутилаётган «Deep Strike» («Чуқур зарба») русумли янги ракета тизими 300 километргача масофадаги нишонларга юқори аниқликда зарба беришга мўлжалланган. Келажакда бу масофани 2 минг километргача ошириш режалаштирилмоқда.

1

Британия бош вазири Кир Стармернинг таъкидлашича, Лондон етакчилигидаги бу ташаббус «европалик иттифоқчиларни бирлаштиришга ёрдам беради ва НАТО хавфсизлигини узоқ йиллар давомида таъминлайди».

Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер мазкур лойиҳа устидаги ишларни «дунёнинг анча хавфли бўлиб қолганини англаб етишнинг бир қисми», деб атаган.

«Гап Европани янада кучли НАТО доирасида қандай қилиб кучлироқ қилиш ҳақида бормоқда», — деди у Анкарада «BBC Breakfast» дастурига берган интервюсида.

Бироқ, бошқа кўплаб истиқболли ҳарбий дастурлар каби, «Deep Strike» ҳам яқин орада фойдаланишга топширилиши даргумон.

Июн ойида АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Американинг Европадаги ҳарбий иштироки олти ой давомида қайта кўриб чиқилишини эълон қилган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп европалик иттифоқчилар мудофаа харажатларининг катта қисмини ўз зиммасига олиши кераклигини бир неча бор таъкидлаган. Ўтган йилги НАТО саммитида алянс давлатлари 2035 йилгача мудофаа ва хавфсизлик харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга келишиб олганди.

Бунга жавобан Стармер Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлашга «қатъий қарор қилганини» айтди.

«Биз янада кучлироқ ва европалашган НАТОни яратиш учун олдинга қадам ташлашимиз керак», — деди у.

Маълумот ўрнида, Британия ҳукумати 2030 йилгача 300 миллиард фунт стерлинг ажратишни кўзда тутувчи Мудофаа сармоялари режасини аллақачон тасдиқлаган.

«Путин, НАТО янада кучайди»

Британия ҳукумати маълумотларига кўра, НАТО самолётлари алянс давлатларининг ҳаво ҳудудига яқинлашган Россия ҳаво кемаларини тўсиб қолиш учун 700 дан кўпроқ марта ҳавога кўтарилган.

Британия сувлари яқинида эса Россия ҳарбий кемаларининг фаоллиги 30 фоизга ортган. Стармернинг баёнот беришича, гарчи НАТО Россия билан қарама-қаршиликка интилмаса-да, алянс ҳар бир иттифоқчисини ҳимоя қилишга доим шай туриши лозим.

«Узоқ масофали юқори аниқликдаги зарба тизимлари ёрдамида Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари душман армиясини таъминловчи муҳим ҳарбий объектлар ҳамда логистика инфратузилмасини бемалол нишонга ололади. Бу эса ҳар қандай тажовузкорни тийиб туришга ва умумий хавфсизлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер.

«Анкарадан туриб биз Россия президенти Владимир Путинга аниқ сигнал йўлламоқдамиз: НАТО янада кучайди, кўпроқ европалашди ва ўз фуқароларини бевосита ундан ҳамда Россия давлатидан келаётган узоқ муддатли таҳдидлардан ҳимоя қилишга тайёр», — дея қўшимча қилди вазир.

Украина тактикаси иш бермоқда

7 июл куни саммитда сўзга чиққан Украина президенти Володимир Зеленский кучайиб бораётган Россия ҳужумларидан ҳимояланиш мақсадида иттифоқчиларни имкон қадар тезроқ қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга яна бир бор чақирди.

Шу билан бирга, Украина Россия ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш заводлари ва ҳарбий объектларга дронлар ҳамда ракеталар орқали берилаётган узоқ масофали зарбалар кўламини кенгайтиришда давом этмоқда. Британия томонининг қайд этишича, бу ҳужумлар ёқилғи ва электр энергияси таъминотида жиддий узилишларга олиб келган.

Британия бош вазири идорасининг баёнот беришича: «Украина Қуролли кучлари узоқ масофали тизимлардан самарали фойдаланиш жанг майдонидаги вазиятни тубдан ўзгартиришга қодирлигини исботлади».

Шунингдек, асосий логистика тугунларига берилган зарбалар Россиянинг ҳужумкор операцияларни давом эттириш қобилиятини сезиларли даражада пасайтиргани ҳам қайд этилди.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков 7 июл куни Москва Анкарадаги саммитнинг боришини диққат билан кузатаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, НАТО томонидан Украинага етказиб бериладиган ҳар қандай янги қурол-яроғ Россияга ўз мақсадларига эришгунига қадар ҳарбий операцияни давом эттиришига тўсқинлик қила олмайди.

«Ушбу саммитга тайёргарлик жараёнида мамлакатимиз шаънига кўплаб баёнотларни эшитдик. Афсуски, бу конструктив ҳамкорлик ва мулоқот ҳақидаги баёнотлар эмас, балки зиддиятни кучайтирувчи фикрлар бўлди», — деди Песков. Шу билан бирга, у Россия учун «ушбу можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш энг мақбул вариант бўлиб қолишини» таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid

«Биз Путинга аниқ сигнал йўллаяпмиз». НАТО янги ракета тизими учун қарийб 50 миллиард доллар ажратади | Vaqt.uz