Болтиқбўйи давлатлари бомбадан ҳимояланишда Украинадан ёрдам сўради

Bugun 22:002 daqiqa

Ушбу давлатлар юзага келиши мумкин бўлган Россия агрессияси таҳдидидан ўз халқи хавфсизлигини таъминлаш учун энг мақбул ечимларни изламоқда.

Болтиқбўйи давлатлари бомбадан ҳимояланишда Украинадан ёрдам сўради

Болтиқбўйи мамлакатлари Россия агрессияси ва дронлар ҳужуми хавфидан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида бомба бошпаналари қуриш бўйича Украина мудофаа маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва фуқаролик муҳофазаси экспертларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Украина қуролсозлар кенгаши директори Игор Федирко берган маълумотга таяниб, «Politico» нашри хабар берди.

Игор Федирконинг сўзларига кўра, кичик ҳудудга эга бўлган ушбу давлатлар юзага келиши мумкин бўлган Россия агрессияси таҳдидидан ўз халқи хавфсизлигини таъминлаш учун энг мақбул ечимларни изламоқда.

Украинанинг «Метинвест» компанияси бош директори Юрий Риженков ҳам Болтиқбўйи ҳукуматлари билан дрон ҳужумларидан ҳимояланувчи бошпаналар қуриш бўйича дастлабки музокаралар ўтказилганини тасдиқлаб, бу жараёнда Украинанинг тактик тажрибаси катта қийматга эга эканини қўшимча қилди.

Ҳаво таҳдидлари ва ҳудуддаги сиёсий оқибатлар

Сўнгги ойларда Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудига дронлар бостириб кириши ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Латвиянинг Россия чегараси яқинидаги Резекне шаҳрида қулаган украин дронларидан бири нефть резервуарига шикаст етказган. Дронлар билан боғлиқ бир қатор кўнгилсиз ҳолатлар ва таҳдидларга қарши тура олмаслик оқибатида мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари, сўнгра Латвия ҳукумати истеъфога чиққан.

Литвада эса ҳаво ҳаяжони эълон қилиниши сабабли мамлакат президенти Гитанас Науседа ва ҳукумат аъзолари бошпаналарга яширинишга мажбур бўлган.

Дронларнинг ҳаво ҳудудини бузиб кириши билан боғлиқ бир нечта инцидентлардан сўнг Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Болтиқбўйи мамлакатларидан узр сўраган. Эстония Мудофаа вазири Ханно Певкур ўз мамлакати Россия томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳужумларга узоқ вақтдан бери тайёргарлик кўраётгани ва аҳолини ҳимоя қилиш учун етарли экспертизага эгалигини маълум қилган.

Teglar

Mavzuga oid