Logo

Бош вазирга болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи бўйича сенатор сўрови юборилди

Bugun 18:542 daqiqa

Ҳукуматдан махсус реестрга ташкилотлар томонидан юборилган сўровлар статистикаси, уларнинг натижаси ва базага киритилган шахсларнинг меҳнат фаолияти юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш сўралган.

Бош вазирга болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи бўйича сенатор сўрови юборилди © Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Ўзбекистонда вояга етмаганлар билан ишлайдиган ташкилотларга зўравонлик билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг ишга қабул қилинишининг олдини олиш ҳамда ушбу тоифадаги шахслар реестридан амалиётда фойдаланиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.

Қайд этилишича, сенатор Малика Қодирхонова томонидан юборилган сўровда соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларга оид махсус реестрнинг бугунги ҳолати ва ундан амалиётда фойдаланиш даражаси юзасидан маълумот бериш сўралган.

Шунингдек, Ҳукуматдан вояга етмаганлар билан ишлайдиган давлат органлари ва ташкилотлар томонидан мазкур реестрдаги маълумотларни олиш учун юборилган сўровлар сони, уларнинг натижалари ҳамда реестрга киритилган шахсларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича асослантирилган тушунтиришлар берилиши талаб қилинган.

Бундан ташқари, сўровномада ушбу йўналишда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берилиши назарда тутилган.

Маълумот ўрнида, 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган қонунга мувофиқ, алоҳида тоифадаги (болаларга қарши жиноят содир этган) шахсларнинг таълим, тарбия, соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши, умуман, болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган ва уларнинг махсус реестрини юритиш белгиланган эди.

Президентнинг 2026 йил 3 мартдаги ПФ-33-сонли Фармони билан эса ушбу махсус реестр юритиш тизимини такомиллаштириш ва ташкилотларга ундан фойдаланиш имкониятини яратиш вазифаси қўйилган. Бироқ, сенаторларга кўра, амалиётда мазкур талабларнинг ижроси ва назорат механизмларининг қўлланилишида қатор очиқ масалалар сақланиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Бош вазирга болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи бўйича сенатор сўрови юборилди | Vaqt.uz