«Бундан буён камбағал оила қолмади деган ҳисобот ўтмайди». Шавкат Мирзиёев Бухородаги йиғилишда нималар деди?
Вилоятда келгуси уч йил ичида 28 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга етказиш режалаштирилмоқда. Иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича янги вазифалар белгиланди.
© Prezident matbuot xizmatiПрезидент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва келгуси ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жорий йилда вилоят иқтисодиёти илк бор 100 триллион сўмдан ошиши, иқтисодий ўсиш эса 10,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, бухороликларнинг 98 фоизи сўнгги йилларда ҳаёт сифати яхшиланганини билдирган. Тадбиркорларнинг 83 фоизи эса келгуси уч йилга ижобий баҳо берган.
Шу билан бирга, вилоят иқтисодиёти ҳамон табиий ресурслар саноати ва қишлоқ хўжалигига сезиларли даражада боғлиқ. Ушбу икки йўналишнинг иқтисодиётдаги умумий улуши 43 фоизни ташкил этмоқда. Охирги ўн йилда хизматлар соҳасининг улуши эса 33 фоиздан 36 фоизга ошган.

Шу сабабли вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш, саноатда хомашёни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш ва ҳар бир туманнинг иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш вазифалари белгиланди. Масъулларга саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигидаги кўрсаткичларни 1,5 баравар ошириш бўйича аниқ режалар ищлаб чиқиш топширилди.
Бандлик ва меҳнат миграцияси масалалари
Бухоро вилоятида 270 минг кишининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст, ишсизлар сони эса 40 мингга яқин. Бундан ташқари, хориждан қайтган 24 минг киши ҳали иш топмаган.
Давлат раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига тўхталиб, шундай деди:
«Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди».
Масъулларга даромади ўртача кўрсаткичдан паст бўлган 270 минг кишининг даромадини ўртача ва ундан юқори даражага олиб чиқиш бўйича туманлар кесимида режалар ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, ҳозирда Бухоро вилоятидан 99 минг фуқаро меҳнат миграциясида. Хорижда кам иш ҳақига ишлаётган фуқароларни касбга ўқитиш ва юқори даромадли ишларга жойлаштириш вазифаси ҳам белгиланди.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш
Бухорога келадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга етказиш ва вилоятда йирик туризм лойиҳаларини амалга оширилади. Жорий йилда ҳудудга 3,5 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилмоқда.
Вилоят марказини кенгайтириш доирасида Бухоро туманидаги 1 минг гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластери барпо этилади. Лойиҳа ҳисобига сайёҳларнинг Бухорода қолиш муддатини ўртача 4–5 кунгача узайтириш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, Бухоро шаҳрининг Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади. Жалол Икромий маҳалласида эса 60 миллион долларлик конгресс-холл ҳамда унинг ёнида «Hilton» ва «Holiday Inn» брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона қурилмоқда.

Шу билан бирга, вилоятда туризм хизматлари мавжуд талабга тўлиқ жавоб бермаётгани қайд этилди. Масалан, Бухорода беш юлдузли меҳмонхона йўқ, йирик савдо ва кўнгилочар масканлар етарли эмас. Хизматларнинг асосий қисми ҳам вилоят марказида жамланган. Шу сабабли туризм инфратузилмасини туманларда ҳам ривожлантириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм концепцияси асосида боғлаш, шаҳардаги саккизта марказий кўчани янгилаш ва ольтита хиёбон барпо этиш режалаштирилган.
Ҳозирда Бухорода туризм мавсуми тўрт ойдан ольти ойга узайган. Келаси йилда вилоятда 30 га яқин халқаро тадбир ўтказиш режалаштирилган.
Энергетика ва енгил саноат
Бухоро вилоятида келгуси уч йилда жами 28 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти бор. Шундан 17 миллиард доллари нефт-газ ва кимё саноатига тўғри келади.
Президент Шавкат Мирзиёев вилоятдаги хомашё ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда саноатда қайта ишлашни кенгайтириш бўйича вазифалар белгилади. Жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг қувватини ошириш учун йирик технологик компанияларни жалб қилиш топширилди.
Вилоят корхоналарида ҳосил бўладиган хомашёни чуқур қайта ишлаш мақсадида Когон туманида нефт-кимё илмий-саноат кластерини ташкил этиш зарурлиги айтилди.
Енгил саноатда келаси йили камида 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини икки баравар ошириш вазифаси қўйилди. Бунинг учун халқаро брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Бухорода ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларда фаолроқ тарғиб қилиш кераклиги айтиб ўтилди.
Энергетика соҳасида эса келгуси уч йил давомида қуввати 3,1 минг мегаватт бўлган шамол электр станциялари, 1 минг мегаваттлик энергия сақлаш тизимлари ва 745 километрлик электр тармоғи қурилади.
Яқинда вилоятда қуввати қарийб 2 минг мегаватт бўлган электр станциялари ишга туширилди. Электр ишлаб чиқариш ҳажми ошгани учун узатиш ва тақсимлаш тармоқларини ҳам кенгайтириш талаб этилмоқда.
Йўл ва транспорт соҳасидаги муаммолар
Бухоро вилоятида 2 минг километр ички йўл ва 266 та кўприк таъмирталаб ҳолатда. Уларни янгилаш ва сақлашга хусусий инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Жорий йили вилоят йўлларини яхшилаш учун 900 миллиард сўм ажратилган. Шунга қарамай, тирбандликни камайтириш, пиёдалар ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат транспорти хизматини яхшилаш борасидаги муаммолар сақланиб қолмоқда. Чунки вилоятда жамоат транспорти етарлича ривожланмагани учун аҳолининг 80 фоизи иш, ўқиш ва кундалик юмушларига енгил автомобилда қатнайди. Шу боис президент вилоятга қўшимча 120 та автобус олиб келишни тезлаштиришни топширди.

Шунингдек, аэропорт ва темирйўл вокзаллари атрофида хизмат сифатини яхшилаш ҳамда йўловчилар учун қулайликларни ошириш вазифаси қўйилди. Йўл бўйларини ободонлаштиришда Бухоронинг иқлими ва тарихий қиёфасига мос дарахтларни танлаш ва мавжудларини парваришлашда ягона ёндашувни жорий этиш зарурлиги айтилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги 55 та маҳалла аҳолиси ҳали марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. Масъулларга бу маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлашнинг аниқ муддатларини белгилаш ва муаммони ҳал этиш топширилди.
Вилоятда уй-жойга эҳтиёжни қондириш учун янги турар жой массивлари қурилишини тезлаштириш вазифаси ҳам қўйилди.
Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари
Бухоро вилоятида мактаб битирувчиларининг 50 фоизини техникумларга жалб қилиш ва олий таълим муассасаларида дуал таълим қамровини икки баробар ошириш режалаштирилган. Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида таълим ва тиббиёт соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳам топшириқлар берди.
Хусусан, тадбиркорларга ер ажратиб, хусусий боғча ва мактаблар сонини кўпайтириш, техникумларни йирик тадбиркорлар ва инвесторлар билан ҳамкорликка жалб қилиш ҳамда халқаро таълим дастурларини жорий этиш айтилди. Дуал таълим қамрови кенгайтирилганда вилоятдаги ўнта давлат ва хусусий олий таълим муассасаси бу тизимга қамраб олинади.
Тиббиёт соҳасида жорий йили 29 та шифохона ва поликлиникада янгилаш ишлари амалга оширилган. Шунга қарамай, тиббий хизмат сифати, айниқса, бирламчи тиббий ёрдам тизимида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар сақланиб қолмоқда.
Шу боис масъулларга бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш, соҳага инвестиция жалб қилиш ва хорижда тажриба орттирган мутахассислар имкониятидан фойдаланиш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш давомида президент Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматовани ҳудудни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишдаги хизматлари учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлашга қарор қилганини маълум қилди.
Давлат раҳбари ҳокимнинг давлат ва бошқарув идораларидаги кўп йиллик фаолиятини ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги ишларини эътироф этди.





