Буюк Британия бош вазири истеъфога чиқаётганини эълон қилди
Кир Стармер Буюк Британия бош вазири ва Лейбористлар партияси раҳбари лавозимидан кетишини маълум қилди. Унинг ўрнига Катта Манчестер мери Энди Бёрнем асосий номзод сифатида кўрилмоқда.
© ReutersБуюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакат ҳукумати раҳбари ва Лейбористлар партияси етакчиси лавозимларидан истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда BBC News хабар берди.
Стармер партиядошлари орасида қўллаб-қувватлов пасайганини тан олиб, 2029 йилдаги навбатдаги парламент сайловларига партияни бошлаб бориш учун энг муносиб номзод эмаслигини айтди.
«Қабул қилган ҳар бир қарорим ўзим севадиган мамлакатни ҳамма нарсадан устун қўйиш истаги билан йўғрилган. Айнан шу сабабли истеъфога чиқяпман», — дейди Лондондаги Даунинг-стрит қаршисида сўзга чиққан Стармер.
Унинг маълум қилишича, Лейбористлар партияси раҳбарлиги учун номзодларни кўрсатиш жараёни 9 июлдан бошланади. Янги етакчи парламентнинг ёзги таътили якунланиб, сентябрда иш бошлашига қадар аниқланиши кутилмоқда. Шу вақтгача Стармер бош вазир вазифасини бажаришда давом этади ва ҳокимиятнинг тартибли топширилишини таъминлайди.
Нутқи якунида у сиёсатдан кейинги асосий эътиборини оиласига қаратишини таъкидлаб, рафиқаси Вик ва фарзандларига кўпроқ вақт ажратишини билдирди.
Янги бош вазир лавозимига асосий даъвогар сифатида Энди Бёрнем кўрилмоқда. У яқинда парламентга қайта сайланган ва Лейбористлар партияси ичида энг кучли номзод сифатида баҳоланмоқда.
Кир Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси 2024 йилги парламент сайловларида ғалаба қозониб, 14 йиллик консерваторлар ҳокимиятига барҳам берган эди. Бироқ 2025–2026 йилларда партиянинг рейтинглари пасайиб, маҳаллий сайловларда йирик йўқотишларга учради. Айниқса, Найжел Фараж бошчилигидаги Реформ УК таъсирининг кучайиши лейбористлар орасида хавотирларни оширган.





