Logo

Таиланд хорижий сайёҳлар учун янги туристик йиғим жорий этмоқчи

Bugun 13:353 daqiqa

2027-йилдан мамлакатга келаётган сайёҳлардан 450 бат (тахминан 13,5 доллар) миқдорида туристик йиғим ундирилиши мумкин.

Таиланд хорижий сайёҳлар учун янги туристик йиғим жорий этмоқчи © Ijtimoiy tarmoqlar

Таиланд 2027-йилнинг ўрталарида мамлакатга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлардан 450 бат (тахминан 13,5 доллар) миқдорида туристик йиғим ундиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Thailand News» мамлакат Туризм ва спорт вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.

Дастлабки босқичда ушбу янги тўлов фақат мамлакатга ҳаво транспорти орқали кириб келаётган сайёҳларга нисбатан қўлланилади. Қуруқлик ва денгиз чегаралари орқали кирувчилардан йиғим ундириш эса лойиҳанинг кейинги босқичларида йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Аввалроқ, ҳукумат мазкур йиғимни 2027-йилнинг биринчи чорагидан бошлаб амалиётга киритишни мақсад қилганди. Бироқ тегишли ҳужжат тасдиқланиб, Қироллик расмий газетасида чоп этилганидан сўнг, қонунчиликка кўра 180 кунлик ўтиш даври талаб этилади. Айнан шу сабабли лойиҳанинг ижро муддати кечиктирилмоқда.

Тўловнинг янги тартиби ва имтиёзлар

Вазирликнинг сўнгги таклифига асосан, йиғим миқдори сайёҳнинг мамлакатга қайси транспорт турида келишидан қатъи назар, бир киши учун бир хил – 450 бат этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, бу аввалги муҳокама қилинган таклифдан тубдан фарқ қилади. Дастлабки лойиҳада ҳаво транспорти орқали келувчилар учун 300 бат (қарийб 9 доллар), қуруқлик ва денгиз орқали келувчилар учун эса 150 бат (тахминан 4,44 доллар) ундириш кўзда тутилган эди.

Вазирлик йиғимни тўлашнинг бир неча вариантларини, жумладан, тўловни авиабилет нархига қўшиш усулини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, расмий веб-сайт, махсус мобил илова, шунингдек, аэропорт ва чегара ўтказиш пунктларида ўрнатиладиган терминаллар орқали тўлаш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда.

Қуруқлик орқали тез-тез чегарадан ўтадиган сайёҳлар учун эса алоҳида тартиб ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Унга кўра, бир ойлик суғурта қопламаси доирасида кўп марталик кириб-чиқиш учун фақат бир марта тўлов қилиш имтиёзи тақдим этилиши мумкин.

Лойиҳа доирасида қуйидаги тоифадаги шахсларни туристик йиғимдан озод қилиш назарда тутилган:

— Дипломатик ва хизмат паспорти эгалари;
— Таиландда ишлаш учун расмий рухсатномага эга бўлган хорижликлар;
— Транзит йўловчилар;
— Чегара ҳудудлари учун махсус рухсатномага эга шахслар;
— Транспорт воситаларининг экипаж аъзолари;
— Икки ёшгача бўлган болалар.

Ушбу имтиёзлар рўйхати ҳали якуний тасдиқланмаган бўлиб, ҳозирда қайта кўриб чиқилмоқда.

Туристлардан йиғилган маблағлар қаерга ишлатилади?

Туристик йиғимдан тушадиган барча маблағлар махсус туризмни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Ушбу маблағлар хорижий сайёҳларни суғурталаш, мавжуд туристик масканларни таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш, шунингдек, соҳага оид тадқиқот ва лойиҳаларни молиялаштириш учун сарфланади.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, бундай тизим мамлакат туризм инфратузилмасини давлат бюджетига ортиқча юк туширмасдан ривожлантиришга хизмат қилади.

Мазкур таклиф 12-ноябр куни Миллий туризм сиёсати қўмитасида қайта кўриб чиқилиши ва шундан сўнг ҳукуматга якуний тасдиқлаш учун киритилиши кутилмоқда. Вазирлик томонидан ўтказилган жамоатчилик муҳокамаларида иштирок этганларнинг 80,5 фоизи туристик йиғим жорий этилишини қўллаб-қувватлаган, 78,3 фоизи эса айнан 450 бат миқдоридаги тўловга розилик билдирган.

Қайд этилишича, ушбу туристик йиғим мамлакатдан ҳаво орқали чиқиб кетувчи барча йўловчилар, жумладан хорижликлар олинадиган 1000 бат миқдоридаги чиқиш солиғидан алоҳида ҳисобланади. Таиланд меҳмонхоналар ассоциацияси октябр ойида ушбу таклифга қарши чиққанидан сўнг, Молия вазирлиги уни кўриб чиқишни вақтинча тўхтатган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланд ҳукумати Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар сайёҳлари учун 15 кунлик визасиз режимни қайта жорий этиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid