Чет элликлар Ўзбекистонда 50 минг доллар эвазига махсус солиқ режимига ўтиши мумкин
Ҳукумат қарори билан чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режими жорий этилди.
© vitvesti.byЎзбекистон ҳукумати чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий қилиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лех.уз сайтида эълон қилинди.
Мазкур механизм Президентнинг «Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-180-сонли фармонида кўзда тутилган. Ҳужжатга мувофиқ, чет эл фуқаролари махсус режимдан фойдаланиш учун бир қатор талабларни бажариши лозим. Махсус солиқ режимига ўтмоқчи бўлган чет эл фуқаролари ўз аризаларини Давлат хизматлари маркази, Электрон солиқ хизматлари портали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиши мумкин.
Имтиёз шартлари
Янги тартибга кўра, чет эл фуқароси 50 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўлаши талаб этилади. Шунингдек, Ўзбекистонда махсус ваколатли тижорат банкида ҳисобрақам очиши ёки лицензияланган крипто-биржада крипто-ҳамёнга эга бўлиши шарт қилиб белгиланган.
Ушбу талаблар бажарилган тақдирда, шахснинг Ўзбекистон ташқарисидаги манбалардан олган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.
Шунингдек, махсус солиқ режими чет фуқаросининг ҳар бир вояга етган яқин қариндошига ҳам татбиқ қилиниши мумкин. Бунинг учун ҳар бир қариндош учун қўшимча равишда 10 минг доллар йиғим тўланиши талаб этилади.
Маълумот учун, ПФ-180-сонли фармонда кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами 30 календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар улар мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турар жой кўчмас мулк объектига эга бўлганда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилиши белгиланган.





