«Декрет» пулини онлайн ҳисоблаш хизмати ишга тушди

05.03.2026 | 15:152 daqiqa

Аёллар ҳомиладорлик ва туғруқ нафақаси миқдорини my.gov.uz портали орқали бир неча дақиқада текшириши мумкин.

«Декрет» пулини онлайн ҳисоблаш хизмати ишга тушди

Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланадиган нафақа миқдорини онлайн аниқлаш имконини берувчи янги хизмат ишга туширилди. Энди фуқаролар бу маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали билишлари мумкин.

Янги хизмат порталнинг «Ижтимоий ҳимоя» бўлимида жойлашган. У орқали фойдаланувчилар ўзларининг ижтимоий суғурта тизимидаги стажини текширишлари, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ҳисобланадиган нафақа миқдорини билишлари мумкин.

Хизмат фуқароларга аввал амалга оширилган тўловлар ҳақида ҳам маълумот беради. Барча маълумотлар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маълумотлар базаси асосида шакллантирилади ва Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан тақдим этилади.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур хизматдан фойдаланиш бепул бўлиб, барча маълумотлар автоматик тарзда тақдим этилади. Бу эса фуқароларга ўзларига тегишли тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни мустақил равишда текшириш имконини беради.

«Декрет» пули қандай ҳисобланади?

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси 2025-йил декабрида ижтимоий суғурта тизими доирасида нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини тасдиқлаган эди. Унга мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа миқдори ходиманинг ижтимоий суғурта стажига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Агар суғурта стажи 10 ойдан 24 ойгача бўлса, нафақа ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизини ташкил этади. 25 ойдан 60 ойгача бўлган стаж учун тўлов 85 фоиз миқдорида белгиланган.

Суғурта стажи 61 ой ва ундан ортиқ бўлган ходималар эса ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида нафақа олади.

Teglar

Mavzuga oid