Дубай нега портлашлар ичида қолди?
АҚШ ва Исроилнинг кутилмаган ҳужумига жавоб сифатида Эрон 28 феврал куни кўрфаз бўйлаб ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширди. Бироқ асосий зарбани Дубай қабул қилгандек кўринди.
Дубай минтақанинг ҳордиқ ва кўнгилочар маркази ҳисобланади; бу ерда йирик бизнес келишувлари имзоланади. Бироқ шу кунларда шаҳарни қуюқ тутун ва аланга қоплади – ракета ва дронлар ёмғирдек ёғдирилди.
Бу зарбалар нафақат геосиёсий аҳамиятга эга, балки Яқин Шарқдаги тинчлик ва савдо «воҳаси» сифатидаги Дубай нуфузига ҳам путур етказди. Дубай пандемиядан кейин активлар нархининг кескин ўсиши, криптовалюта бозорининг жонланиши ва масофавий иш формати кенгайиши ортидан дунёда энг катта манфаат кўрган шаҳарлардан бири бўлди.
Паст солиқ ставкалари ва соддалаштирилган бюрократиядан унумли фойдаланган ҳолда, Дубай ишбилармонлар учун ўзига хос магнитга айланди. Унинг молиявий институтлари эса олтин савдоси билан шуғулланган суданлик қуролли гуруҳ етакчиларидан тортиб, Шарқий Европадаги урушдан қочган россиялик ва украиналик экспатлар учун ҳам бошпана вазифасини бажариб келган. Дубайнинг кўчмас мулк бозори унинг муваффақиятининг яққол исботидир – 2020 йилдан бери нархлар 75 фоизга ошган.
Айрим кузатувчилар фикрича, Яқин Шарқдаги чўзилган уруш катта-кичик инвесторларни икки марта ўйлаб кўришга мажбур қилиши мумкин. 28 феврал куни Дубайдан чиққан энг рамзий тасвирлардан бири беш юлдузли «Fairmont The Palm» меҳмонхонаси ҳудудини аланга қамраб олгани бўлди. Айрим шарҳларда ёнғин ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилувчи ракета парчалари туфайли чиққан дейилган бўлса-да, бир нечта видеолар меҳмонхона Эрон дрони томонидан урилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Дубай Эрон зарбалари оқибатида вайрон қилинмади, аммо юзага келган оқибатлар шаҳар Яқин Шарқнинг беқарор сиёсатидан ҳимояланган эмаслигини кўрсатди. Бу эса активлар нархига салбий таъсир кўрсатиши ва эркин ҳаракатланувчи инвесторларни ўз қарорларини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.
Эрон ҳужуми пайтида БАА расмийлари дунёдаги энг баланд бино – Бурж Ҳалифни эвакуация қилишга мажбур бўлди. Шу билан бирга, дунёдаги энг тирбанд аэропортлардан бири сифатида эътироф этилган «Al Maktoum International Airport» рейсларни номаълум муддатга тўхтатди.
Эрон ҳужумлари минтақавий бизнес «пуфаклари» Исроил ва АҚШ сиёсатчилари қарорларига қанчалик боғлиқ эканини кўрсатиб берди. Дубай атрофида айрим портлар АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларини қабул қилади, аммо зарбалар шу жиҳати билан ҳам аҳамиятли бўлдики, шаҳар маълум АҚШ ҳарбий базалари яқинида жойлашмаган. Бу эса Эрон Дубайни унинг бизнес маркази сифатидаги аҳамияти туфайли нишонга олганини англатиши мумкин.
Teglar






