Душанбе ва Москва ўртасида поезд қатнови қайта тикланади

Bugun 18:052 daqiqa

Тожикистон ва Россия темирйўл идоралари келишувига кўра, пандемия даврида тўхтатилган Душанбе–Москва поезд қатнови яна тикланади. Поезд икки ҳафтада бир марта ҳаракат қилади.

Душанбе ва Москва ўртасида поезд қатнови қайта тикланади © Интернетдан олинган

«Тожик темир йўллари» давлат унитар корхонаси ва Россия темирйўллари ҳамкорликда олти йиллик танаффусдан сўнг Душанбе ва Москва ўртасидаги тўғридан тўғри йўловчи поезд қатновини қайта йўлга қўймоқда. Бу ҳақда «Asia plus» хабар берди.

Маршрут жадвали

Тожикистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, №423/424 рақамли «Душанбе – Москва» йўловчи поездининг илк рейси 21-июн кунига белгиланган. 21-июнь куни Душанбедан йўлга чиқадиган биринчи рейс учун чипталар сотувга чиқарилган.

Жадвалга мувофиқ, поезд Душанбедан ҳар якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 03:25 да жўнаб кетади ва чоршанба куни соат 22:08 да Москванинг Павелецкий вокзалига етиб боради.

Москвадан биринчи рейс 25-июн кунига режалаштирилган. Поезд ҳар пайшанба куни Москва вақти билан соат 06:05 да жўнайди ва Душанбе шаҳрига душанба куни маҳаллий вақт билан соат 02:48 да етиб келади.

Тўхташ бекатлари

Сафар вақти қарийб тўрт суткани ташкил этади. Маршрут Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳудудлари орқали ўтади.

Поезд Бухоро, Нукус, Қўнғирот, Қандиағаш, Ақтўбе, Сол-Илецк, Оренбург, Самара, Сизран, Кузнецк, Пенза, Ряжск, Скопин, Ожереле ва бошқа аҳоли пунктларида йўловчиларни чиқариш ва тушириш учун тўхтайди.

Чипта нархи

21 июн куниги рейс учун чипта нархи плацкарт вагонда 2 617,6 сомони (20 089 рубл), купе вагонда эса 3 713,42 сомони (28 499 рубл) этиб белгиланган.

Йўловчилар чипталарни жўнаш санасидан 45 кун олдин расмийлаштиришлари мумкин. Душанбедан қатнайдиган рейслар учун чипталар савдоси бошланган, Москвадан қатнайдиган рейслар учун эса кейинроқ очилади.

«Душанбе – Москва» йўловчи поезди икки ҳафтада бир марта ҳаракатланади.

Россия темирйўллари хабарига кўра, Москва ва Душанбе ўртасидаги тўғридан тўғри темирйўл қатнови Тожикистон темирйўл маъмурияти илтимосига биноан ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон билан келишилган ҳолда тикланган.

Айни пайтда Тожикистон ва Россия ўртасида «Тожик темир йўллари» таркибидаги учта йўловчи поезди ҳам қатнамоқда: №319/320 «Кўлоб – Волжский», №329/330 «Душанбе – Волжский» ва №359/360 «Хўжанд Волжский». Уларнинг ҳар бири ҳафтасига бир марта рейс амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, Душанбе ва Москва ўртасидаги йўловчи поезд ҳаракати 2020-йилда коронавирус пандемияси сабаб тўхтатилган эди.

Teglar

Mavzuga oid