Enterprise Uzbekistan қонуни Сенатдан ўтмади: ҳужжат қайта ишланади
Сенат Халқаро рақамли технологиялар маркази тўғрисидаги конституциявий қонунни қайта ишлаш учун қайтарди. Ҳужжат IT соҳасига инвестиция жалб қилиш, махсус ҳуқуқий режим яратиш ва айрим фаолият турларини 2100 йилгача солиқлардан озод қилишни назарда тутади.

Олий Мажлис Сенати «Халқаро рақамли технологиялар маркази» (Enterprise Uzbekistan) тўғрисидаги конституциявий қонунни амалдаги таҳририда маъқулламади ва қайта ишлаш учун Қонунчилик палатасига қайтарди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистонда махсус ҳуқуқий режимга эга рақамли технологиялар марказини ташкил этишни назарда тутади. Марказ орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий капитал жалб қилиш ва мамлакатни глобал рақамли иқтисодиётга интеграция қилиш мақсад қилинган.
Ҳужжатда марказ иштирокчилари учун алоҳида тартиблар, «тартибга солувчи қумдон», соддалаштирилган давлат хизматлари, солиқ, божхона ва валюта режимлари белгиланган.
Сенаторлар муҳокама давомида Бошқарув кенгаши ва Марказ маъмурияти ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, инвесторлар ҳуқуқлари ва уларнинг сармояларини халқаро стандартларга мувофиқ янада кучлироқ ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади.
Enterprise Uzbekistan маркази 2025 йил ноябрда ташкил этилган. Унинг ҳудудида айрим фаолият турлари 2100 йилгача солиқлардан озод қилиниши, технологиялар ва ускуналар импорти соддалаштирилиши режалаштирилган.
Марказ фаолияти Конституция, Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи элементлари ҳамда етакчи халқаро молия марказлари стандартлари асосида тартибга солиниши кўзда тутилмоқда.
Сенат қарорига кўра, ҳужжат бўйича сенаторлар ва депутатлардан иборат келишув комиссияси тузилади ҳамда қонун манфаатдор давлат ташкилотлари иштирокида қайта ишланади.





