Эрон АҚШ билан музокараларни қайта бошлаш учун бешта шарт қўйди

Ушбу талаблар Вашингтон илгари сурган 14 банддан иборат таклифга жавоб сифатида пайдо бўлди.

Эрон АҚШ билан музокараларни қайта бошлаш учун бешта шарт қўйди

Эрон томони Вашингтон бешта асосий шартни бажармагунча АҚШ билан музокараларнинг иккинчи босқичига киришмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Эроннинг «Fars» ахборот агентлиги манбасига таяниб хабар бермоқда.

Теҳрон томонидан илгари сурилган талаблар рўйхати қуйидаги бандларни ўз ичига олган:

• Барча фронтларда, хусусан, Ливанда уруш ҳаракатларини тўхтатиш;
• Эронга нисбатан жорий этилган АҚШ санкцияларини бекор қилиш;
• Музлатиб қўйилган Эрон маблағларини қайтариш;
• Уруш оқибатида етказилган зарар учун товон пули тўлаш;
• Эроннинг Ҳўрмуз бўғози устидан суверенитет ҳуқуқини тан олиш.

Манбанинг таъкидлашича, ушбу шартларнинг бажарилиши музокаралар олдидан ўзаро ишончнинг минимал даражасини яратиш учун зарур.

АҚШнинг позицияси ва Трампнинг муносабати

Эроннинг ушбу талаблари Вашингтон илгари сурган 14 банддан иборат таклифга жавоб сифатида пайдо бўлди. АҚШ ўз режасида Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқиш дастуридан тўлиқ воз кечиши эвазига санкцияларни юмшатишни ваъда қилган эди.
АҚШ Президенти Доналд Трамп Эроннинг жавоб хатини 10 май куни олганини тасдиқлади. Бироқ Оқ уй раҳбари Теҳроннинг таклифлари унга маъқул келмаганини ва уларни «қабул қилиб бўлмас» деб ҳисоблашини билдирди. Трамп Эрон айнан нималарни таклиф қилгани бўйича батафсил маълумот бермаган бўлса-да, қўйилган шартлар АҚШ манфаатларига зид эканига шаъма қилди.

Ҳозирги вазият: Вақтинчалик сулҳ ва давом этаётган зарбалар

Ҳозирда АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан қуролли тўқнашувида апрель ойи бошида эришилган вақтинчалик сулҳ келишуви амал қилмоқда. Шунга қарамай, минтақада вазият барқарор эмас — томонлар ҳали ҳам вақти-вақти билан бир-бирларининг позицияларига ҳаво зарбалари беришда давом этмоқда.

Музокаралар жараёнининг боши берк кўчага кириб қолиши минтақадаги ҳарбий кескинликнинг янги тўлқинига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирлар мавжуд.

Teglar

Mavzuga oid