Эроннинг бойитилган уран захираси: уни хавфсиз олиб чиқиб кетиш мумкинми?

Bugun 08:255 daqiqa

Эроннинг тахминан 440 килограмм 60 фоизгача бойитилган уран захираси АҚШ билан ядровий музокаралардаги энг баҳсли масалага айланган. Вашингтон ушбу материални мамлакатдан олиб чиқишни талаб қилаётган бир пайтда, Хоманаий уранни хорижга кўчиришни тақиқлади.

Эроннинг бойитилган уран захираси: уни хавфсиз олиб чиқиб кетиш мумкинми?

21 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захирасини мамлакат ичида сақлаб қолишига рухсат бермаслигини яна бир бор таъкидлади. Бироқ худди шу куни «Reuters» агентлиги эронлик икки нафар юқори мартабали манбага таяниб хабар беришича, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Мужтабо Хоманаий бойитилган уранни мамлакатдан ташқарига олиб чиқишни тақиқловчи кўрсатма берган.

Эронда сақланаётгани тахмин қилинаётган 60 фоизгача бойитилган қарийб 440 килограмм ураннинг тақдири АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик музокараларида асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ядровий соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, гарчи 60 фоизгача бойитилган уран ядро қуроли яратиш учун зарур бўлган 90 фоизлик кўрсаткичдан ҳали йироқ бўлса-да, мазкур маррага етиб келгач, уни 90 фоизгача етказиш анча тезлашади.

Аммо, Эрон уни топширишга рози бўлган тақдирда ҳам, юқори даражада бойитилган уранни давлатлар ўртасида хавфсиз ташиш мумкинми?

Трамп ва Хоманаий бойитилган уран захираси ҳақида нима деди?

«Биз уни оламиз. У бизга керак эмас, уни хоҳламаймиз ҳам. Олганимиздан кейин уни йўқ қилиб юборсак керак, лекин уларда қолишига йўл қўймаймиз», — деди Трамп.

Бироқ шу куннинг ўзида «Reuters» Эрон олий раҳнамоси уранни олиб чиқиб кетишни тақиқловчи кўрсатма бергани ҳақида хабар тарқатди. Шунингдек, агентлик исми сир қолишини истаган исроиллик мулозимларга таяниб, Трамп Исроилни Эроннинг бойитилган уран захираси мамлакатдан олиб чиқиб кетилишига ва ҳар қандай тинчлик битимида бу борадаги банд албатта бўлишига ишонтирганини ҳам қўшимча қилди.

«Олий раҳнамонинг кўрсатмаси ва ҳукумат доираларидаги якдил фикр шундан иборатки, бойитилган уран захираси мамлакатда қолиши шарт», — деди эронлик манба «Reuters»га.

Эроннинг бойитилган урани ҳақида нималар маълум?

Теҳрон йиллар давомида ўзининг ядровий дастури фақатгина тинчлик мақсадларига қаратилганини ва ядро қуроли яратиш нияти йўқлигини таъкидлаб келади. 2015 йилда Эрон санкцияларни юмшатиш эвазига ўз ядровий дастурини чеклаш бўйича АҚШ билан битим имзолаган эди. Аммо халқаро инспекторлар Эрон келишув шартларига тўлиқ риоя қилаётганини тасдиқлаганига қарамай, 2018 йилда Трамп мазкур тарихий битимдан чиқди ва Эронга қарши санкцияларни қайта тиклади.

АҚШнинг «Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси» деб аталувчи ушбу битимдан чиқиши ва 2021 йилда Эроннинг Натанздаги ядровий объекти бомбардимон қилиниши (бунда Эрон Исроилни айблаган эди) ортидан, Теҳрон уранни 2015 йилги келишувда атом энергетикасини ривожлантириш учун рухсат этилган 3,67 фоиз ўрнига қарийб 60 фоизгача бойитишга қарор қилди.

Ҳозирда Эронда 60 фоизгача бойитилган тахминан 440 килограмм уран борлиги тахмин қилинмоқда. Ядро қуролини ишлаб чиқариш учун эса 90 фоизлик бойитилган уран чегараси талаб этилади.

Март ойининг бошларида Халқаро Атом Энергияси Агентлиги (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси «Al Jazeera» телеканалига берган интервюсида, агар ушбу миқдордаги уран 90 фоизгача бойитилса, назарий жиҳатдан ундан 10 дан ортиқ ядровий жанговар каллак ишлаб чиқариш мумкинлигини айтган эди.

Эрон захирасининг деярли барчаси гексафторид гази шаклида экани тахмин қилинади. Уни ғаввос баллонидек келадиган кичик идишларда сақлаш мумкин. Ядровий бўлинишнинг занжирли реакцияларини таъминлай оладиган уран-235 изотопининг улушини ошириш учун бу газ марказдан қочма (центрифуга) қурилмаларда айлантирилади.

Эроннинг бойитилган уран захирасининг катта қисми ўтган йили 12 кунлик Эрон-Исроил уруши вақтида АҚШ ва Исроил томонидан бомбардимон қилинган ядровий объектларнинг вайроналари остида, ер қаърида ётибди деб тахмин қилинмоқда. 2025 йилнинг июн ойида Трамп АҚШ ҳужумлари Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги учта ядро бойитиш объектини «ер билан яксон қилганини» айтган эди.

Бироқ бугунги кунда Исроил, АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари Эрон ядро қуроли яратишга интилаётганини ёки ҳеч бўлмаганда бунинг учун имконият ҳозирлаётганини даъво қилмоқда. Уларнинг фикрича, шу пайтгача эришилган 60 фоизлик бойитиш даражаси тинч атом энергетикаси дастури учун зарур бўлган меъёрдан анча юқори.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Эроннинг бойитилган урани мамлакатдан олиб чиқиб кетилмагунча, Теҳрон минтақадаги ўзига тобе қуролли тузилмаларни қўллаб-қувватлашни тўхтатмагунча ва унинг баллистик ракета салоҳияти йўқ қилинмагунча, уруш тугаган ҳисобланмаслигини маълум қилди.

АҚШ ушбу захира ўзига топширилишини хоҳламоқда, бироқ хабарларга кўра, Эрон уни фақат учинчи томонга беришни кўриб чиқишга тайёр бўлган. Энди эса Олий раҳнамо Хоманаий уни умуман олиб чиқиб кетишни тақиқловчи буйруқ бергани маълум бўлмоқда.

Шу ой бошида Ню Деҳлида бўлиб ўтган БРИКС давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида Эроннинг бош дипломати Аббос Арақчи журналистларга Эрон ва АҚШ Эроннинг «бойитилган материали» масаласида «боши берк кўчага» кириб қолганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида мазкур мавзу музокараларнинг кейинги босқичларига қадар «ортга сурилмоқда».

«Ҳозирча бу муҳокама қилинмаяпти, музокаралар олиб борилмаяпти, аммо кейинги босқичларда биз бу мавзуга албатта қайтамиз», — деди у.

Шу билан бирга, ОАВ хабарларига кўра, жорий йилнинг 26 февралида — АҚШ ва Исроил Теҳронга ҳужум бошлашидан икки кун олдин Женевада АҚШ вакиллари билан бўлиб ўтган норасмий музокаралар чоғида Эрон ортга қайтариб бўлмайдиган жараён орқали захирани 60 фоиздан 3,67 фоизгача пасайтиришни («аралаштириб суюлтиришни») таклиф қилган.

Бойитилган уранни хавфсиз кўчириш мумкинми?

Уран гексафторид гази ўта хавфли ҳисобланади, агар у ташқарига сизиб чиқса, нафас олганда ўлимга олиб келадиган ва терини куйдириши мумкин бўлган ўта заҳарли ҳамда емирувчи (коррозион) фторид бирикмаларини ҳосил қилади.

Халқаро Атом Энергияси Агентлиги бойитилган уранни хавфсиз ташиш учун махсус протоколларга эга. Агентлик веб-сайтига кўра, бойитилган уран гексафторидини 30B типидаги контейнерларда — кучли ҳимояланган, стандартлаштирилган пўлат баллонларда ташиш мумкин. Улар юқори босим ва иссиқликка бардош бериш учун махсус ишлаб чиқилган.

АЭХА, шунингдек, ушбу баллонлар «критиклик хавфини олдини олиш» мақсадида атайлаб кичик ўлчамда ясалишини таъкидлайди. Бу ўринда «критиклик» деганда жуда тезлик билан энергия ва радиация ажратиб чиқарувчи назоратсиз ядровий занжир реакцияси тушунилади.

Ўтмишда бойитилган уран кўчирилганми?

АҚШ 1980-йилларнинг ўрталаридан бошлаб тиббий изотоплар ишлаб чиқариш мақсадида Канадага юқори даражада бойитилган уран экспорт қилган. Бироқ ишлаб чиқарувчилар кам бойитилган уранга ўтгани сари бундай етказиб беришларни босқичма-босқич тўхтатган. 2010-йилларнинг ўрталарига келиб Вашингтон сўнгги экспорт деб таърифланган жўнатмаларга рухсат берди ва 2021 йилда АҚШ Энергетика вазирлиги жаҳон бозорлари кам бойитилган уранга муваффақиятли ўтганини таъкидлаб, тиббий изотоплар ишлаб чиқариш учун бошқа бойитилган уран етказиб бермаслигини эълон қилди.

Совуқ урушдан сўнг, 1994 йилда Совет Иттифоқидан қолган ядровий материалларни олиб чиқиб кетиш бўйича «Сапфир лойиҳаси» деб номланган махфий операция доирасида АҚШ кучлари Қозоғистондан қарийб 600 килограмм қуролбоп уранни АҚШга олиб кетган.

Қурол-яроғ устидан назорат ва уларни тарқатмаслик маркази маълумотларига кўра, ушбу ташиш жараёнида иштирок этган гуруҳлар материални металлургия заводидан маҳаллий аэропортгача хавфсиз олиб ўтишнинг ўзи учун тўрт ҳафта давомида ҳафтасига олти кун, 12 соатлик сменаларда ишлаган.

 

Teglar

Mavzuga oid