«Эртага хафа бўласизлар»: Солиқ қўмитаси раиси ЯТТ орқали чек бераётган ресторанларни огоҳлантирди
Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатовга кўра, Тошкент шаҳридаги 400 дан ортиқ умумий овқатланиш корхонаси Қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўламаслик учун тушумларни сунъий равишда бўлиб юбориш схемасидан фойдаланмоқда.
© SoliqУмумий овқатланиш соҳасида айрим тадбиркорлар қўшимча қиймат солиғи тўламаслик учун мижозларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида чек бермоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов умумий овқатланиш ва гастрономия соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда сўз очди.
Унинг таъкидлашича, кўплаб тадбиркорлик субъектлари ҚҚС (NDS) тўламаслик мақсадида тушумларни сунъий равишда бўлиб юбормоқда.
Ҳозир Тошкентда 419 та умумий овқатланиш шохобчаси расман якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлаяпти. Аммо амалда улар чекларни ўз корхонаси орқали эмас, бошқа якка тадбиркорлар номи билан бермоқда. Биз буларни кўриб, билиб турибмиз ҳаммасини. Ўз корхонасидан кирим-чиқим қилмаяпти-да, чекини ЯТТдан беряпти. ҚҚС тўламаслик учун бизнесини бўляпти», - деди Фаррух Пўлатов.
«Кейин хафа бўласизлар»
Солиқ қўмитаси раҳбари тадбиркорларни қонуний ишлашга чақириб, нақд пул билан боғлиқ муаммолар қолмаганини қайд этди.
«Шунинг учун сизлардан ҳам илтимос бўлади, бунақа нарса қилманглар. Буни кўриб, билиб турибмиз ҳамма жойда. Эртага бориб текшириш боргандан кейин хафа бўласизлар. Агар касса чеки берилмаса, демак, бу тушумни яшириш ва сунъий «дробление» қилишга бўлган ҳаракатдир. Биринчи огоҳлантириш берилади, кейин агар эшитмаса, жаримаси катта бўлади», - деди Пўлатов.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бундай тадбиркорлар билан алоҳида ишлашга тайёрлигини айтди.
«419 танинг рўйхатини бизга берсангиз, ўзимиз бу ерга чақириб, бундай қилмаслик кераклигини тушунтирамиз. Масалан, Деҳқонободда рўйхатдан ўтган тадбиркор Чорсуда ўтириб савдо қилаётган ҳолатлар ҳам бор», – деди у.
Даромадларини яширишга уринаётганлар
Мулоқот давомида ишчиларнинг иш ҳақини пасайтириб кўрсатиш масаласи ҳам кўтарилди. Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг маълум қилинишича, баъзи тадбиркорлар бир нафар ходим учун ойлик маошини 1,3 млн сўм миқдорида кўрсатиб келмоқда.
«Ҳозир мана шу залда ҳам энди кимлигини айтиб ўтирмаймиз, залда ҳозир савол берган тадбиркорларимизнинг ўзи ҳам1,3 млн сўм ойлик ҳисоблаб, бир киши кўрсатганлар бор ичимизда. Ҳозир очиб кўрсатмоқчи бўлди, кейин, ҳа, майли энди унақа қилмайлик деган қарорга келишди», — дея таъкидлади Абдиев.
Тадбир якунида аниқланган 419 та корхона рўйхати Савдо-саноат палатасига тақдим этилиши келишиб олинди. Палата ушбу тадбиркорларни алоҳида чақириб, тушунтириш ишларини олиб бориши белгиланди. Қўмита раисининг сўзларига кўра, огоҳлантиришдан хулоса чиқармаган тадбиркорларга нисбатан келгусида катта миқдорда жарималар қўлланилади.





