Logo

Фойда солиғини пасайтириб, банк комиссияларини ҚҚСга тортиш таклиф қилинди

Bugun 12:192 daqiqa

Банклар ва мобил операторлар учун фойда солиғини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш таклиф қилинди. Бюджетнинг 859 миллиард сўмлик йўқотишини эса банкларнинг айрим комиссия хизматларини ҚҚСга тортиш эвазига қоплаш режалаштирилмоқда.

Фойда солиғини пасайтириб, банк комиссияларини ҚҚСга тортиш таклиф қилинди

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти 30 июль куни бўлиб ўтган фискал мулоқотда банклар, мобил алоқа операторлари, полиэтилен гранула ишлаб чиқарувчилар ҳамда бозорлар ва савдо комплекслари учун амалдаги 20 фоизлик фойда солиғи ставкасини 15 фоизга туширишни таклиф қилди.

Институт вакилларининг таъкидлашича, халқаро тажрибада аксарият давлатларда фойда солиғи ягона ставка асосида ундирилади. Шу боис мазкур тармоқлар учун оширилган ставкани сақлаб қолиш адолатлилик ва рақобат тамойилларига мос келмайди.

«Биз фойда солиғи бўйича халқаро тажрибани ўрганганимизда деярли барча давлатларда ягона ставка қўлланилишини кўрдик. Шунинг учун адолатлилик ва рақобат принципларидан келиб чиқиб, банклар, мобил алоқа операторлари, полиэтилен гранула ишлаб чиқарувчилари ҳамда бозорлар учун ҳам 15 фоизлик ставкани белгилашни таклиф этамиз», — деди институт вакили.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур таклиф амалга оширилса, давлат бюджети фойда солиғи ҳисобидан 859 миллиард сўм даромадни йўқотади.

Бу йўқотишни қоплаш учун институт банкларнинг айрим комиссия хизматларини қўшилган қиймат солиғига тортишни таклиф қилди.

Хусусан, банк карталарини юритиш, ҳисобварақларни юритиш, касса хизматлари, валюта айирбошлаш бўйича комиссиялар ҳамда банк карталари операцияларини процессинг қилиш хизматларига ҚҚС жорий этиш таклиф этилмоқда.

«Ушбу йўқотиладиган суммани банкларнинг комиссия хизматларини ҚҚСга тортиш эвазига қоплаш мумкин деб ҳисоблаймиз. Халқаро тажрибани ўрганганимизда, бундай хизматлар аксарият давлатларда солиққа тортилади», — деди институт вакили.

Бу таклиф амалга оширилса, банкларнинг фойда солиғи юки камаяди, айрим комиссия хизматлари эса биринчи марта қўшилган қиймат солиғи объектига айланиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid