Logo

Фуқаролар хорижга 10 минг долларгача рухсациз инвестиция киритиши мумкин — Марказий банк

Марказий банк валюта операциялари тартибига ўзгартиш киритди. Энди жисмоний шахслар бир йилда 10 минг долларгача, компаниялар эса белгиланган лимитлар доирасида хорижга алоҳида рухсатсиз инвестиция йўналтириши мумкин.

Фуқаролар хорижга 10 минг долларгача рухсациз инвестиция киритиши мумкин — Марказий банк © Foto: Legion-Media

Марказий банк капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартибига ўзгартишлар киритди.

Ўзгаришларга кўра, капитал ҳаракати операциялари бўйича ҳисоб-китобларни журнал шаклида юритиш амалиёти бекор қилинди. Энди барча маълумотлар «Валюта операцияларини ҳисобини юритиш» ахборот тизими орқали рақамли шаклда юритилади.


Шунингдек, резидентлар капитал ҳаракати билан боғлиқ операцияларни фақат асосий ҳисобварағи очилган банк орқали эмас, балки исталган хизмат кўрсатувчи банк орқали амалга ошириш имкониятига эга бўлади.


Янги тартибнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — айрим ҳолатларда хорижга инвестиция киритиш учун алоҳида рухсат олиш талаби бекор қилинганидир. Унга кўра, давлат улуши мавжуд бўлмаган корхоналар бир календарь йили давомида 200 минг долларгача, давлат иштирокидаги корхоналар эса 100 минг долларгача хорижда инвестиция фаолиятини амалга ошириши мумкин.


Жисмоний шахсларга эса бир йилда 10 минг АҚШ долларигача бўлган маблағни хорижий инвестиция лойиҳаларига йўналтириш ҳуқуқи берилди.


Бундан ташқари, давлат иштирокисиз корхоналар хориждаги филиал ва ваколатхоналарини 100 минг долларгача, давлат иштирокидаги компаниялар эса 50 минг долларгача айланма маблағ билан таъминлаши мумкин.


Янги қоидаларга мувофиқ, капитал ҳаракати операциялари шартларига киритилган ўзгаришлар 10 кун ичида банкка тақдим этилиши лозим. Хорижий инвестициялар бўйича маълумотлар ҳар чоракда банкларга топширилади, банклар эса уларни Марказий банкка юбориб боради.


Шу билан бирга, амалдаги тартибга мувофиқ, жисмоний шахсларнинг хориждаги брокерлик ва инвестиция ҳисобварақларини тўлдириши фақат лицензияга эга инвестиция воситачилари орқали амалга оширилади.

Teglar

Mavzuga oid

Фуқаролар хорижга 10 минг долларгача рухсациз инвестиция киритиши мумкин — Марказий банк | Vaqt.uz