Германиянинг собиқ канцлери Россиядаги гипермаркетлар тармоғи раҳбариятига ўтди
Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдер Россиядаги «Глобус» гипермаркетлар тармоғини бошқарувчи «Гиперглобус» МЧЖ кузатув кенгаши таркибига кирди.

Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдер Германиянинг «Globus Holding GmbH & Co» холдингининг Россиядаги шуъба корхонаси ҳамда «Глобус» гипермаркетлар тармоғи эгаси бўлган «Гиперглобус» МЧЖ кузатув кенгаши аъзосига айланди. Бу ҳақда 2 октябр, жума куни эрталаб Германия компанияси матбуот хизматига таянган ҳолда «РБК» нашри маълум қилди.
Ритейлер вакилининг маълум қилишича, Шрёдер умумий бошқарувда иштирок этади ва компаниянинг Россия бозоридаги фаолиятини узоқ муддатли режалаштиришга кўмаклашади.
«Гиперглобус» МЧЖ эгаси ва «Globus Holding GmbH & Co» акциядори Томас Брухнинг тушунтиришича, Шрёдернинг тайинланиши «экспертлик қўллаб-қувватловини кучайтириш зарурати билан боғлиқ». Унинг сўзларига кўра, собиқ канцлернинг тажрибаси «мулоқотга йўналтирилган ёндашув»га амал қилиш ҳамда «конструктив ечимлар топиш» имконини беради.
Шунингдек, «Гиперглобус» МЧЖ матбуот хизмати Герҳард Шрёдернинг шахсий баёнотидан ҳам иқтибос келтирган. «РБК» ёзишича, унда «Россияда иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни сақлаб қолишнинг муҳимлиги» қайд этилган.
«Айнан инқироз даврларида бу алоқалар алоҳида аҳамият касб этади: улар бир-бирини тинглаш ва келажак сари йўл топиш имконини беради», — деган собиқ ҳукумат раҳбари.
«Гиперглобус» ва Германиянинг «Globus Holding» компанияси
«DW»га Германия компаниясида аввалроқ берилган изоҳга кўра, 2025 йил бошида «Гиперглобус» Германиянинг «Globus Holding» тузилмасидан расман ажратилган, бироқ уларнинг акциядорлари бир хил бўлиб қолмоқда. Томас Брух 2026 йилнинг июн ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПХИФ) иштирок этган эди. Ўшанда немис компанияси матбуот хизмати «DW»га тадбиркор форумда фақат «Гиперглобус» номидан қатнашганини, унинг мақсади эса, хусусан, «давлат муассасалари вакиллари билан фикр алмашиш» эканини маълум қилган.
«РБК» маълумотларига кўра, 2025 йил охири ҳолатига кўра, Россиянинг саккизта ҳудудида 22 та «Глобус» гипермаркети фаолият юритган.
Герҳард Шрёдер муқаддам «Роснефть» ҳамда «Шимолий оқим» оператор компанияси раҳбариятида ишлаган. Германиядаги кўплаб кузатувчилар уни Россия энергетика корхоналари лоббисти деб ҳисоблайди.





