Logo

Google раҳбарияти Ўзбекистондаги ислоҳотларни Google Pay мисолида юқори баҳолади

Google вице-президенти Дорон Авни Ўзбекистонда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва қайта ишлаш соҳасидаги ўзгаришларни юқори баҳолаб, бу прагматик қадамлар жаҳон миқёсидаги технологияларнинг мамлакат бозорига киришида янги уфқларни очганини эътироф этди.

Google раҳбарияти Ўзбекистондаги ислоҳотларни Google Pay мисолида юқори баҳолади © uzairways.uz

Ўзбекистонда шахсий маълумотлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар глобал технологияларнинг мамлакат бозорига кириши учун янги имкониятлар очди. Бу ҳақда Google'нинг ривожланаётган бозорлар бўйича давлат органлари билан алоқалар ва давлат сиёсати вице-президенти Дорон Авни ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.

У бунга яқинда Google Pay тизимининг Ўзбекистонда ишга тушганини асосий мисол сифатида келтирди.

Жорий йил бошида Ўзбекистон шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ёндашувини янгилаб, маълумотларни қатъий локализация қилиш ўрнига мослашувчан ва мувозанатли йўлни танлаган эди. Унинг фикрича, бу ўзгаришларнинг амалий натижаси кўп куттирмади.

«Ҳукуматлар олдиндан тушунарли ва глобал тизимлар билан ўзаро ишлай оладиган қоидаларни яратса, глобал технологиялар ҳам тез кириб келади», — дея таъкидлади Дорон Авни.

Рақамли модернизация ва ҳамкорлик

Google вице-президенти ўз постида Google Pay'нинг Ўзбекистонда ишга туширилиши АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг мамлакатга ташрифи ва Самарқанддаги C5+1 вазирлар саммити давомида эълон қилинганига алоҳида урғу берди. Унинг қайд этишича, бу Ўзбекистон ва АҚШнинг рақамли модернизацияни жадаллаштириш борасидаги умумий интилишини кўрсатади.

«Ўзбекистон прагматик сиёсат орқали янги имкониятларга йўл очиш мумкинлигини амалда кўрсатмоқда», — деб ёзди Дорон Авни.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева жорий йилнинг сентябр ойида Ню-Ёркда Google вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган эди.

Ўшанда Саида Мирзиёева: «Биз сўнгги йилларда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштирдик. Бунинг натижасида Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг йўл очилмоқда», — деган эди.

Натижада, жорий йилнинг 27-октябр куни Ўзбекистонда Google ҳамда Apple Pay тизимлари тўлақонли ишга тушгани эълон қилинди.

Teglar

Mavzuga oid

Google раҳбарияти Ўзбекистондаги ислоҳотларни Google Pay мисолида юқори баҳолади | Vaqt.uz