Logo

Грузия банки Ўзбекистондаги TOP-5 банклардан бирини сотиб олмоқчи

Bugun 13:453 daqiqa

Lion Finance Group Ўзбекистонда янги банкни нолдан ташкил этиш ёки кичик ўйинчини харид қилиш ўрнига, бозордаги энг йирик банклардан бирини сотиб олишни афзал кўрмоқда. Агар гуруҳ раҳбари тилга олган TOP-5 мезони активлар ҳажмини англатса, бу рўйхатдаги беш банкнинг тўрттаси давлатга тегишли, иккитаси эса хусусийлаштириш режасига киритилган — SQB ва Асакабанк.

Грузия банки Ўзбекистондаги TOP-5 банклардан бирини сотиб олмоқчи © Bloomberg

Грузиянинг Bank of Georgia банкига эгалик қилувчи Lion Finance Group Ўзбекистон ва Қозоғистондаги йирик банклардан бирини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Гуруҳ бош директори Арчил Гачечиладзе Bloomberg’га берган интервьюсида компанияни ҳар бир бозордаги TOP-3/5 банк қизиқтираётганини айтган. Lion Finance янги банкни нолдан қуришдан кўра, тажрибасини татбиқ қила оладиган мавжуд йирик банкни сотиб олишни афзал кўрмоқда.

Компания Марказий Осиёдан ташқари, Болтиқбўйи ва Болқон мамлакатларидаги имкониятларни ҳам кўриб чиқмоқда.

Бироқ ҳозирча Ўзбекистондаги аниқ банк номи очиқланмаган. Бирор банк билан музокара бошлангани ёки таклиф берилгани ҳақида ҳам расмий маълумот йўқ.

TOP-5 деганда қайси банклар назарда тутилиши мумкин?

Гачечиладзе рейтинг қайси кўрсаткич асосида тузилишини аниқлаштирмаган. Агар гап активлар ҳажми ҳақида кетаётган бўлса, Марказий банкнинг 2026-йил 1-июль ҳолатидаги маълумотига кўра, Ўзбекистондаги биринчи бешлик қуйидагича:

  • Миллийбанк — 146,5 трлн сўм;

  • Агробанк — 118,4 трлн сўм;

  • Саноатқурилишбанк (SQB) — 108,5 трлн сўм;

  • Капиталбанк — 62,7 трлн сўм;

  • Асакабанк — 62,5 трлн сўм.

Бу банклар ҳиссасига мамлакат банк тизимидаги жами активларнинг қарийб ярми — 49,6 фоизи тўғри келади. Капиталбанкдан ташқари, бешликдаги барча банкларда давлат улуши мавжуд.

Демак, Lion Finance’нинг Ўзбекистонга катта харид орқали кириши асосан давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнига боғлиқ бўлади. Telegram’даги «Пик Скартариса» канали ҳам хабарнинг шу жиҳатига эътибор қаратган.

Очиқ режалар доирани иккита банккача торайтиради

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028-йилларга мўлжалланган Фискал стратегиясида SQBни хусусийлаштиришнинг якуний босқичи 2025–2026-йилларга, Асакабанкни хусусийлаштириш эса 2026–2027-йилларга белгиланган.

Шу ҳужжатга кўра, Миллий банк ва Агробанкдаги давлат улуши сақлаб қолинади. Капиталбанк эса аллақачон хусусий банк.

Шу сабаб, Lion Finance айнан активлар ҳажми бўйича TOP-5 банкни назарда тутаётган ва ҳукуматнинг амалдаги режалари ўзгармайдиган бўлса, очиқ маълумотлар назарий доирани SQB ва Асакабанккача қисқартиради.

Бироқ бу икки банкдан бири билан музокара кетаётганини англатмайди. Lion Finance бирор номни тилга олмаган, Ўзбекистон ҳукумати ҳам гуруҳ билан эҳтимолий битим ҳақида маълумот бермаган.

Lion Finance Ўзбекистон бозорига бегона эмас

Lion Finance 2025-йил февралигача Bank of Georgia Group деб аталган. Гуруҳ 2024-йилда Арманистондаги Ameriabank’ни 303,6 млн долларга сотиб олди. Бу унинг Грузиядан ташқаридаги биринчи йирик банк хариди бўлди.

Компания 2026-йил мартда FTSE 100 индексига кирди. Иккинчи чорак натижаларига кўра, гуруҳ фойдаси бир йилда 20,6 фоизга ошган. Капитал рентабеллиги 27 фоизни, кредит портфелининг ўсиши эса ўзгармас валюта курсида 23 фоизни ташкил этган.

Bank of Georgia Ўзбекистон молия бозорига ҳам бутунлай янги ўйинчи эмас. 2024-йил февралда у капитал бозоридаги «Тартибга солиш қумдони»нинг биринчи хорижий иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Бу гуруҳга мамлакатдаги тартибга солиш муҳити ва молия инфратузилмаси билан олдиндан танишиш имконини берди.

Аммо капитал бозоридаги иштирок билан йирик банкни сотиб олиш ўртасида катта фарқ бор: бундай битим сотувчи, нарх, регулятор розилиги ва эҳтимол хусусийлаштириш шартларига боғлиқ бўлади.

Бу Ўзбекистон банк бозорига нимани англатади?

Ўзбекистон банк секторига хорижий гуруҳларнинг кириши сўнгги йилларда тезлашди. Грузиянинг TBC Bank Group’и Ўзбекистонда янги рақамли банк қурди, Венгриянинг OTP Group’и эса Ипотека-банкдаги назорат пакетини сотиб олди.

Lion Finance’нинг режаси улардан кўлами билан фарқ қилади. Компания кичик ёки ўрта банкка эмас, бозорнинг энг йирик ўйинчиларидан бирига қизиқмоқда. Агар бундай харид амалга ошса, у Ипотека-банкдан кейинги Ўзбекистон банк секторидаги навбатдаги йирик хусусийлаштириш битимига айланиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid