Гулираъно Қосимова иши: суд маънавий зарар тўлаш бўйича қарор чиқарди

Bugun 16:352 daqiqa

Ўтган йили катта муҳокамаларга сабаб бўлган Гулираъно Қосимова иши бўйича суд қарори қабул қилинди. Унга кўра, собиқ ички ишлар амалдорларидан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Гулираъно Қосимова иши: суд маънавий зарар тўлаш бўйича қарор чиқарди

Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-мактабнинг собиқ директори Гулираъно Қосимовага у билан боғлиқ иш ортидан етказилган маънавий зарар тўлаб бериладиган бўлди. Бу ҳақда Қосимова VAQT.UZ билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг айтишича, 12-май куни фуқаролик ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида тегишли иш кўриб чиқилган ва суд қарори билан 122 млн сўм маънавий зарар ҳисобланган. Шунинг 61 млн сўми Гулираъно Қосимовага, қолган 61 млн сўми эса собиқ солиқ инспексияси раҳбарига тўланиши белгиланган.

Суд қарорида бу зарарлар Фурқат туман ИИБ собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловдан ундирилиши кўрсатилган.

Гулираъно иши

Ўтган йили Гулираъно Қосимова билан содир бўлган воқеа катта резонансга сабаб бўлган эди. Ўша пайтда Фарғона вилоятининг Фурқат туманида мактаб директори бўлиб ишлаган Гулираъно Қосимова ўзига нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолатлари содир этилганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, туман ИИБ тезкор ходимлари уни ва солиқ инспекцияси бошлиғини «жиноят саҳнаси» сифатида саҳналаштирилган операцияга жалб этиб, урган, ечинтирган ва ёлғон айбловлар остида босим ўтказган. Аёл уларнинг айтганини қилмагани ва солиқ инспекцияси бошлиғига туҳмат қилиш таклифини рад этгани учун видеога олиниб, кейинроқ таҳдид ва шантажга учрагани айтилади.

Мазкур ҳолат судда кўриб чиқилиб, Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг 2025-йил 28-ноябрдаги ҳукми билан Фурқат туман ИИБ собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларида ўтаттирилиши белгиланган.

Жорий йил март ойида Гулираъно Қосимова ўз лавозимидан озод этилди. У 17-март куни расман ишдан бўшаган. Ишдан кетиш тўғрисидаги қарор томонларнинг ўзаро келишувига асосан қабул қилинган.

Teglar

Mavzuga oid