Ҳар бешинчи ўзбекистонлик кредитга эга: қарздорлар сони ўсишда давом этмоқда
Марказий банкка кўра, кредит олувчилар улушининг ўсишида банк хизматлари қамровининг кенгайиши, аҳоли расмий даромадларининг ортиши, кредит маҳсулотларига талабнинг сақланиб қолаётгани билан боғлиқ.

2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 5 миллиондан ортиқ фуқарода банк кредитлари мавжуд. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга юқори экани маълум қилинди.
Кредит олувчилар сони аҳолига нисбатан ҳам ортиб бормоқда
Марказий банк молиявий барқарорлик шарҳида қайд этилишича, ҳар 1 000 нафар меҳнатга лаёқатли доимий аҳолига тўғри келадиган кредит олувчилар сони 29 кишига ошган ва 2025 йил 1 июль ҳолатида 238 кишини ташкил этган.
Марказий банкка кўра, кредит олувчилар улушининг ўсишида банк хизматлари қамровининг кенгайиши, аҳоли расмий даромадларининг ортиши, кредит маҳсулотларига талабнинг сақланиб қолаётгани билан боғлиқ.
Маълумотга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида ўртача ҳисобланган номинал иш ҳақи 6,0 млн сўмни ташкил этган ва йиллик ўсиш суръати 17 фоизга етган.
Бир неча қарз мажбуриятига эга бўлганлар улуши кўпайган
2025 йилнинг биринчи ярмида банк кредитидан фойдаланган фуқароларнинг 47 фоизида бир вақтнинг ўзида банк ва банкдан ташқари секторлар олдида бирдан ортиқ қарз мажбуриятлари мавжуд. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоиз бандга юқори. Молия институтларининг фикрича, бу — кредит маҳсулотларига талаб ошиб бораётганини, шу билан бирга қарз юки динамикасини доимий мониторинг қилиш зарурлигини кўрсатади.





