Ҳаво ифлосланиши Алсгеймер хавфини 8,5 фоизга оширади

18.02.2026 | 18:002 daqiqa

Тадқиқотларга кўра, ҳаво ифлосланиши инсонларда Алсгеймер хавфини оширади. Инсульт ва гипертонияси бор беморларда хавф янада юқори.

Ҳаво ифлосланиши Алсгеймер хавфини 8,5 фоизга оширади

АҚШлик олимлар ўтказган йирик тадқиқот ҳаводаги аэрозоллар ва майда чанг заррачалари Алсгеймер касаллиги ривожланиш эҳтимолини ўртача 8,5 фоизга оширишини кўрсатди. Айниқса, инсультни бошдан кечирган беморларда ушбу хавф 10 фоизгача, гипертония билан оғриган шахсларда эса 9,7 фоизгача ортиши кузатилган. Тадқиқот натижалари PLoS Medicine илмий журналида эълон қилинган.

Йирик кўламли кузатув натижалари

Тадқиқот Эмори университети профессори Кайл Стинленд раҳбарлигида амалга оширилган. Олимлар 2000–2018 йиллар оралиғида 65 ёшдан ошган 27,8 миллиондан ортиқ АҚШ фуқаросининг соғлиқ ҳолатини таҳлил қилди. Ушбу шахслар Medicare давлат тиббий суғурта дастури орқали мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб келган.

18 йиллик кузатув давомида қарийб 3 миллион ҳолатда Алсгеймер касаллиги ташхиси қўйилган. Бу олимларга ҳаво ифлосланиши даражаси билан деменция ривожланиши ўртасидаги боғлиқликни статистик жиҳатдан аниқ баҳолаш имконини берган.

Мияга тўғридан-тўғри таъсир

Олимлар ҳаводаги PM2.5 каби майда заррачалар миқдори юқори бўлган ҳудудларда узоқ вақт яшаган аҳолида касаллик хавфи сезиларли даражада юқори эканини аниқлади. Муҳим жиҳати шундаки, хавфнинг ошиши фақат инсульт ёки гипертония орқали эмас, балки заррачаларнинг мияга тўғридан-тўғри таъсири билан изоҳланади.

Таҳлилларга кўра, хавф ошишининг атиги 1–4 фоизи ҳаво ифлосланиши орқали бошқа сурункали касалликларни кучайтиради. Қолган қисми эса нейротоксик таъсир натижасида юзага келади. Бу майда заррачалар қон-мия тўсиғини бузиб, яллиғланиш жараёнларини кучайтириши мумкинлигини кўрсатади.

Жаҳон миқёсидаги хавф

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили тахминан 7 миллион киши атмосфера ифлосланиши оқибатида вафот этади. Мутахассислар бу рақам амалда бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Йирик шаҳарларда автомобиль чиқиндилари, саноат корхоналари чиқиндилари ва қуёш нурлари таъсирида ҳосил бўладиган аэрозоль заррачалари инсон организмига осон кириб боради. Улар нафақат ўпка ва юрак-қон томир тизимига, балки мия фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Олимлар ҳаво сифатини яхшилаш, саноат ва транспорт чиқиндиларини камайтириш деменция хавфини пасайтиришда муҳим омил бўлишини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, экологик сиёсат соғлиқни сақлаш стратегиясининг ажралмас қисмига айланиши зарур.

Маълумот учун, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам ҳаво ифлосланиш жараёнлари тез-тез кузатилмоқда. Ҳукумат ифлосланишга қарши бир қанча ишларни амалга оширяпти. Хусусан, 2026 йилда ҳаво тозалигини таъминлаш учун 548 миллиард сўм ажратилди.

Аввалроқ Vaqt.uz ҳаво сифати инсон саломатлиги учун хавфли даражага чиққанда нима қилиш кераклиги ҳақида мақола эълон қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid