ИИВ маҳкумларни кўчириш ва видеоучрашув тартибини ўзгартирмоқчи

Bugun 15:002 daqiqa

Ўзбекистонда маҳкумларнинг яқинлари билан «телефон орқали мулоқот» тартиби ўрнига «масофавий видеоучрашув ёки телефон орқали мулоқот» тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

ИИВ маҳкумларни кўчириш ва видеоучрашув тартибини ўзгартирмоқчи © vesti.az

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маҳкумларни жазони ижро этиш муассасалари ўртасида кўчириш ҳамда уларнинг яқинлари билан мулоқот қилиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган янги ўзгартишлар лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатда қарор қабул қилиш механизмини аниқлаштириш ва масофавий видеоучрашув амалиётини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳага кўра, маҳкумларни жазони ижро этиш муассасаларига юбориш ёки бир муассасадан бошқасига кўчириш учун асос бўладиган материаллар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти томонидан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича махсус хулоса тайёрланади.

Мазкур хулоса Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда. Шу орқали маҳкумларни кўчириш бўйича қарор қабул қилиш жараёнини янада тартибли ва аниқ механизм асосида амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳужжатда маҳкумни бир муассасадан бошқа шу турдаги муассасага кўчириш тартиби ҳам қайта белгиланмоқда. Бунда ЖИЕДнинг Махсус ҳисоб бошқармаси томонидан тайёрланган тақсимот асос қилиб олинади. Кўчириш учун эса ЖИЕД раҳбарияти тасдиқлаган хулоса ёки суд қарори ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

Маҳкумлар билан мулоқот қилиш шакллари

Лойиҳада маҳкумлар билан мулоқот қилиш шаклларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Амалдаги «телефон орқали мулоқот» тартиби ўрнига «масофавий видеоучрашув ёки телефон орқали мулоқот» тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Мутасаддилар фикрича, ушбу ўзгартишлар жазони ижро этиш тизимидаги жараёнларни шаффофлаштириш, қарор қабул қилиш тартибини аниқлаштириш ҳамда маҳкумларнинг яқинлари билан мулоқот имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Teglar