Интернет блокадаси фонида Россияда радио аудиторияси рекорд даражада ўсди

04.03.2026 | 09:182 daqiqa

Россияда етти йиллик танаффусдан сўнг илк бор радио тингловчилар сонининг ўсиши кузатилди: интернетдаги техник чекловлар ва оммавий блокировкалар аҳолини анъанавий ахборот манбаларига қайтармоқда.

Интернет блокадаси фонида Россияда радио аудиторияси рекорд даражада ўсди

«Коммерсант» нашрининг «Mediascope» маълумотларига таяниб ёзишича, 2025-йилнинг иккинчи ярмида Россияда радио тингловчиларнинг ҳафталик аудиторияси 2019-йилдан бери илк бор 0,4 фоизга ўсиб, 49,3 млн кишига етди. Ойлик қамров эса 2022-йилдан буён биринчи марта 0,8 фоизлик ижобий динамика кўрсатиб, 54,9 млн тингловчини ташкил этди.

Экспертлар ушбу трендни Telegram ва WhatsApp каби мессенжерлар фаолиятидаги чекловлар ҳамда мобил интернетнинг тез-тез ўчирилиши билан боғламоқдалар. Тинглаш давомийлигининг ортиши аҳолининг «турбулент янгиликлар» шароитида барқарор ахборотга бўлган эҳтиёжи ортганидан далолат беради.

Мессенжерлар блокировкаси

2026-йилнинг феврал ойи бошида «Роскомнадзор» «Telegram»ни секинлаштириш чораларини кучайтирди, натижада фойдаланувчиларда медиафайлларни юклашда муаммолар юзага келди.

Кремлга яқин манбаларнинг таъкидлашича, 2026-йил 1-апрелдан бошлаб «Telegram» Россиянинг аксарият ҳудудларида тўлиқ тўсиб қўйилиши мумкин. Шунингдек, 2025-йилнинг август ойидан буён «WhatsApp» мессенжерига нисбатан ҳам қатъий чекловлар жорий этилмоқда.

Йил якунига кўра, Россиядан ушбу сервис серверларига уланиш уринишларининг 90 фоизи муваффақиятсиз якунланган. Илгари 100 млнлик аудиторияга эга бўлган ушбу платформа эндиликда фақат махсус айланиб ўтиш воситалари орқали ишламоқда.

Мобил интернетнинг ўчирилиши

2025-йилнинг май ойидан бошлаб Россия бўйлаб дронлар ҳужуми хавфи сабабли мобил интернетни оммавий ўчириш ҳолатлари қайд этилмоқда.

«На связи» лойиҳаси маълумотларига кўра, етти ой ичида мамлакат бўйлаб 11,9 мингта «шатдаун» ҳолати кузатилган. «Top10VPN» ҳисоб-китобларига кўра, Россия 2025-йил якуни бўйича интернетни ўчириш давомийлиги бўйича дунёда етакчига айланди: чекловлар жами 37 166 соат давом этган ва 146 млн аҳолига таъсир қилган.

Владимир Путин ушбу чекловларни хорижий сервислар ҳарбий мақсадларда ишлатилаётгани билан изоҳлади. Бундай рақамли блокада шароитида радио ахборот олишнинг энг ишончли ва чекловлардан холи воситаси сифатида яна кун тартибига чиқди.

Teglar

Mavzuga oid