Ипак Йўли банки бошқаруви раиси ўзгарди

Bugun 21:012 daqiqa

Банк акциядорлари йиғилишида тайинловга қадар банкни бошқариб келган Сайдаброр Сайдаҳмедов лавозимидан озод этилди.

Ипак Йўли банки бошқаруви раиси ўзгарди

Умиджон Ҳакимов «Ipak Yuli Bank» бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда банк акциядорларининг 2026 йил 26 май куни бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилинди.

Қайд тилишича, 2018 йилнинг январ ойидан бери банкни бошқариб келган Сайдаброр Сайдаҳмедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган.

Янги раҳбар номзоди Марказий банк билан келишилгандан сўнг мазкур лавозимга расман тасдиқланган ҳисобланади.

Ҳакимов мазкур тайинловга қадар (жорий йилнинг апрел ойидан буён) банк бошқаруви раиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Янги раҳбарнинг таржимаи ҳоли ва банк тарихи

Умиджон Ҳакимов 1971 йилда туғилган, банк тизимида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга. У 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2011 йилда Лондон Бизнес мактабининг (LBS) MBA дастурини тамомлаган.

2

Умиджон Хакимов / Фото: Ipak Yuli Bank

Меҳнат фаолиятини 1999 йилда айнан «Ipak Yuli Bank»да бошлаган бўлиб, кейинчалик «ABN AMRO Bank NB Uzbekistan A.O.» (2006-2008) ва «Royal Bank of Scotland NB Uzbekistan CJSC» (2008-2011) банкларида ишлаган.

Шунингдек, 2011-2021 йилларда «Азия Алянс банк» бошқарув раиси ўринбосари, 2021-2023 йилларда ушбу банк бошқаруви раиси, 2023 йил ноябрдан 2026 йил апрелигача «Ipoteka bank OTP Group» бошқаруви раиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

1

Сайдаброр Сайдахмедов / Фото: Ipak Yuli Bank

«Ipak Yuli Bank» 1990 йилда Ўзбекистоннинг биринчи хусусий банки сифатида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 4,5 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади. Банк томонидан 6 миллиондан ортиқ карта чиқарилган бўлиб, мамлакат бўйлаб 900 дан зиёд банкомат ва 20 000 та POS-терминаллар тармоғига эга. Сайдаброр Сайдахмедов раҳбарлиги даврида банк чакана ва рақамли бизнесдаги позицияларини мустаҳкамлаб, кенг қамровли ребрендингни амалга оширган эди.

Teglar

Mavzuga oid