Иқлим ўзгаришига қарши кураш: дунё 10 йил ичида нималарга эришди?
Океан сувларининг исиши ва маржон рифларининг йўқолиши сайёрамизнинг қайтариб бўлмас инқироз остонасида турганидан дарак беради. Бурилиш нуқталари аллақачон бошланган бўлиши мумкин ва бу инсониятдан тезкор чораларни талаб этади.

2015 йилда Париж иқлим келишуви қабул қилинганда, БМТнинг COP21 саммити иштирокчилари буни гулдурос қарсаклар билан кутиб олган, ҳатто баъзиларнинг кўзига ёш келган эди.
Бу иқлим ўзгаришига қарши курашда туб бурилиш нуқтаси бўлди. Тарихда илк бор 200 га яқин мамлакат глобал исишни тўхтатиш ва сайёрадаги ҳароратнинг 1,5 даражадан ошишига йўл қўймаслик мажбуриятини ўз зиммасига олди.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1,5 даражалик чегара сайёра учун критик нуқта ҳисобланади. БМТ бугунги кунда ушбу чегарадан ўтиб кетишни «муқаррар» деб баҳолаб, бу бутун дунё учун ҳалокатли оқибатлар келтириб чиқаришидан огоҳлантирмоқда.
2015 йилда Париж келишуви имзоланганидан бери глобал исишга қарши курашда сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, экспертлар дунё жар ёқасида турганини айтмоқда. Мамлакатлар нефт, газ ва кўмир ёқишда давом этаётгани сабабли сайёрада ҳарорат кўтарилмоқда. Бу эса ҳалокатли тўфонлар, сув тошқинлари ва аномал иссиқлик каби табиий офатларни келтириб чиқармоқда. Ўтган ўн йиллик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр бўлди, ўтган йили эса бу борада ҳақиқий «антирекорд» қайд этилди.
Сайёрада ҳароратнинг кўтарилиши
Бу йил дунё етакчилари ҳар йилги глобал иқлим саммити — COP31 доирасида Анталяда тўпланади. Олимларнинг огоҳлантиришича, сайёрада ҳарорат қанчалик кўтарилган бўлмасин, даражанинг ҳар бир улуши ҳамон муҳим аҳамиятга эга. Зеро, миллионлаб инсонларнинг хавфсиз яшаши ёки азият чекиши айнан шунга боғлиқ. Глобал исиш туфайли ҳар дақиқада бир киши ҳаётдан кўз юммоқда. Қазилма энергия манбаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳаво ифлосланиши оқибатида ҳар йили 2,5 миллион киши вафот этади.
Шу билан бирга, иқлим ўзгариши улкан иқтисодий зарар ҳам келтирмоқда: ҳисоб-китобларга кўра, ўтган йили бунинг оқибатида жаҳон иқтисодиёти кўрган зарар 304 миллиард долларни ташкил этди.
Муҳим экотизимлар йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Бу йил иқлим масаласидаги дастлабки «бурилиш нуқтаси» юз берди: дунё океанида сув ҳароратининг кўтарилиши маржон рифларининг оммавий нобуд бўлишига олиб келди. Бу рифлар дунёдаги энг бой экотизимлардан бири бўлиб, денгиздаги барча тирик мавжудотларнинг тўртдан бир қисми айнан шу ерда яшайди. Олимлар тез орада навбатдаги бурилиш нуқталари — Амазонка ўрмонларининг йўқ бўлиши ва океан оқимларининг ўзгариши юз бериши мумкинлигидан хавотирда.
Иссиқхона газлари билан боғлиқ вазият қандай?
Бундай оғир вазият Париж келишувидан кейин ҳам қазилма ёқилғилардан фойдаланиш тўхтамагани сабабли юзага келди. Ўтган йили иссиқхона газлари чиқиндилари рекорд даражага етди, ҳозирда улар 1990 йилдаги кўрсаткичлардан 65 фоизга юқори. Париж келишуви мақсадларига эришиш учун дунёда иссиқхона газлари чиқиндилари миқдори энг юқори нуқтадан ўтгач, ҳозирнинг ўзидаёқ кескин камайишни бошлаши зарур. Бироқ яқинда ўтказилган таҳлиллар бу жараён секинлашаётганидан далолат бермаяпти.
Ўтган йили инсон фаолияти — кўмир, нефть ва газ ёқилиши сабабли атмосферага 53,2 гигатонна чиқинди чиқарилди ва CO2 миқдори кескин ошди. Бу ҳажмнинг учдан икки қисми атиги 8 та йирик иқтисодиёт — Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Россия, Индонезия, Бразилия ва Япония ҳиссасига тўғри келади. Улар орасидан фақат ЕИ ва Япониягина ўтган йилгига нисбатан ўз чиқиндилари ҳажмини камайтира олди. CO2 чиқиндиларининг асосий қисми муҳим аҳамиятга эга бўлган энергетика сектори ҳиссасига тўғри келмоқда.
2015 йилдан буён иқлимни муҳофаза қилиш соҳасида нималарга эришилди?
Иқлимни асраш борасидаги ҳаракатлар керагидан анча секин кечаётган бўлса-да, муайян йўналишларда ҳайратланарли натижаларга эришилди. Хусусан, дунё миқёсида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ривожланиши шу қадар тезлашдики, бу ҳатто энг ижобий кузатувчиларнинг тахминларидан ҳам аъло даражада бўлди. Харажатларнинг камайиши ушбу соҳадаги кескин юксалишга туртки берди: «яшил» технологияларга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ортиб бормоқда ва ҳозирда улар қазилма энергия манбаларини қазиб олишга тикилаётган сармоялардан икки баравар кўп.
Париж келишуви имзолангандан бери қайта тикланувчи манбалардан олинадиган энергия улуши дунёда уч баравардан кўпроқ ошди. 2024 йилда қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқаришда тарихдаги энг сезиларли ўсиш қайд этилди. Бугунги кунда «яшил» энергия глобал истеъмол ҳажмининг 40 фоизини таъминламоқда. 2025 йилнинг биринчи ярмида қуёш ва шамол энергетикаси илк бор кўмирни ортда қолдириб, электр энергиясига бўлган талабнинг ортишини тўлиқ қоплади.
Британиянинг «Energy and Climate Intelligence Unit» нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилаётган энергия ҳажми 2015 йилдаги прогнозлардан тўрт баравар кўпд ва бу кўрсаткич ҳар уч йилда икки бараварга ортиб бормоқда.
Хитой мазкур жабҳада етакчилик қилмоқда: ўтган йили у дунёнинг қолган барча мамлакатлари жами ўрнатганидан кўпроқ қуёш панелларини ўрнатди — ҳозирда уларнинг қуввати 2010 йилдагига нисбатан 1000 баравар юқори.
Ўтган ўн йилликда электромобиллар сотуви ҳажми автомобиллар умумий савдосининг 1 фоизидан деярли 25 фоизигача кўтарилди. Париж келишувида белгиланган 2030 йилгача йўлларга 100 миллионта электр двигателли транспорт воситасини чиқариш мақсадига муддатидан аввал эришилиши кутилмоқда.
Бироқ нафақат қайта тикланувчи энергия манбалари, балки энг ифлос ёқилғи турларидан бири бўлган кўмир ҳам рекордларни янгиламоқда. Ўтган йили унинг глобал истеъмоли энг юқори нуқтага етди. «Яшил» энергетикага инвестициялар ортиши билан бир қаторда, қазилма ёқилғиларни бюджетдан молиялаштириш ҳажми ҳам кўпайиб, йилига 1,6 триллион АҚШ долларига етди.
Париж келишуви мақсадларига эришиладими?
Экспертлар иқлимни муҳофаза қилишга қаратилган ҳозирги чора-тадбирлар етарли эмаслигидан огоҳлантирмоқда. Ўтган ўн йилликдаги ишлар аср охирига бориб ҳароратнинг 2015 йилда тахмин қилинган 4 даражагача кўтарилишининг олдини олишга ёрдам берган бўлса-да, ҳозирги суръатлар сақланиб қолса, 2100 йилга бориб сайёрада глобал ҳарорат 2,6 даражага кўтарилиши хавфи ҳамон мавжуд. Бундай ҳолатда ҳалокатли иссиқ кунлар сони ҳозиргига қараганда йилига 57 тага кўпаяди.
Иқлимни муҳофаза қилиш чоралари самарадорлиги тўғрисидаги охирги ҳисоботга кўра, дунё чиқиндиларни камайтириш суръатларини сезиларли даражада тезлаштириши ва барча соҳалардаги ҳаракатларни кучайтириши шарт. Бу жорий ўн йилликда кўмирдан воз кечиш суръатларини ошириш, ўрмонлар кесилишига қарши курашни кучайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўсиш суръатларини икки баравар кўпайтириш, иқлим ўзгаришига қарши кураш учун ажратиладиган глобал маблағларни йилига қарийб 1 триллион долларга ошириш ва дунёнинг энг ифлосланган шаҳарларида жамоат транспорти инфратузилмасини кенгайтиришни назарда тутади.





