Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунча нафақа: миқдори ҳали маълум эмас
Фарзанди бир ёшга тўлгунча бериладиган янги нафақа оналарга ариза ва қўшимча ҳужжатларсиз автоматик тайинланади. Янги нафақанинг миқдори ҳали маълум эмас. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги нафақа кимларга берилиши ва қандай тайинланиши ҳақида Vaqt.uz’га маълум қилди.
© Dilshodxon MuxitdinovaЎзбекистонда оналарни бола бир ёшга тўлгунга қадар қўллаб-қувватлаш учун янги нафақа жорий этилиши белгиланмоқда. У аризасиз ва автоматик тайинланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Мухитдинова Vaqt.uz’га маълум қилишича, янги тўлов 2026-йилдан жорий этилган давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг мантиқий давоми сифатида йўлга қўйилади.
Нафақа қандай тайинланади?
Янги тартибга кўра, аёлларга фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар бола парвариши нафақасини тайинлашда қўшимча ҳужжат талаб қилинмайди. Нафақа давлат ижтимоий суғуртаси тизими орқали проактив (ариза бермасдан, автоматик) тарзда тайинланиши кўзда тутилмоқда.
Мухитдинованинг таъкидлашича, бу жараён ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш механизмига ўхшаш бўлади. Аёл тиббий муассасага мурожаат қилганда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича касаллик варақаси расмийлаштирилади. У электрон шаклда Ижтимоий суғурта ахборот модулига юборилади.
Шундан сўнг аёлнинг меҳнат фаолиятига оид маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизимидан, даромадлари ҳақидаги маълумотлар эса Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидан автоматик олинади. Ушбу маълумотлар асосида суғурта стажи ва ўртача ойлик даромад аниқланиб, нафақа тайинланади ҳамда маблағ тўғридан-тўғри ижтимоий картага ўтказилади.
Хусусий сектор ҳам қамраб олинади
Янги тизим нафақат давлат ташкилотларида ишлайдиган аёлларга, балки хусусий секторда меҳнат қилаётган фуқароларга ҳам тааллуқли бўлади.
Ижтимоий суғурта тизимида фуқаролар мажбурий ва ихтиёрий тартибда қамраб олинади. Меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлаётганлар, улар давлат ёки хусусий секторда меҳнат қилишидан қатъи назар, мажбурий тарзда суғурта тизимига киритилган.
Ўзини ўзи банд қилганлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари эса тизимдан ихтиёрий асосда фойдаланиши мумкин. Бунинг учун белгиланган энг кам миқдорда ёки ундан юқори ихтиёрий суғурта бадалларини тўлаб бориш талаб этилади.
Шу орқали улар суғурта стажига эга бўлиб, белгиланган шартлар асосида ҳомиладорлик ва туғиш, кейинчалик эса бола парвариши нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Иш берувчиларнинг юки камаяди
Янги нафақани давлат ижтимоий суғуртаси тизимига ўтказишдан мақсадлардан бири — аёлларнинг расмий бандлигини рағбатлантириш ва иш жойини сақлаб қолишга кўмаклашиш.
Амалда бола парвариши билан боғлиқ нафақа иш берувчи зиммасида бўлган. Бу эса айрим ҳолларда хусусий сектордаги иш берувчилар учун молиявий юкни оширган. Агентлик вакилига кўра, натижада аёлларни бола парвариши таътилида ишдан бўшатиш ёки расмий ишга қабул қилмаслик ҳолатлари учраган.
Янги тизимда нафақани Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси тўлаши иш берувчининг молиявий юкини камайтиради. Бу эса аёлларни расмий ишга қабул қилиш ва бола парвариши даврида уларнинг иш жойини сақлаб қолиш учун қўшимча рағбат яратиши кутилмоқда.
2026 йил январь–август ойларида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қарийб 94 минг нафар аёлга тўланган. Агентлик маълумотига кўра, ушбу аёллар янги бола парвариши нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
Янги нафақанинг қанча миқдорда тўланиши ҳозирча маълум эмас. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодахон Мухитдинованинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, нафақа миқдори, уни тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳукумат қарори билан аниқ белгиланади.
Шунингдек, она фарзанди бир ёшга тўлмасдан ишга қайтса, нафақа тўланиши давом этадими ёки тўхтатиладими, деган масала ҳам ҳали якуний тартибда белгиланмаган.
Айни пайтда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси БҲМга боғланмаган. У фуқаронинг суғурта стажи ва ўртача ойлик даромадидан келиб чиқиб индивидуал тарзда ҳисобланади. Нафақа олиш учун камида 10 ойлик суғурта стажи, шундан 6 ойи узлуксиз бўлиши талаб этилади.
10 ойдан 2 йилгача суғурта стажига эга аёлларга ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, 2 йилдан 5 йилгача стажга эга бўлганларга 85 фоизи, 5 йилдан ортиқ стажга эга аёлларга эса 100 фоизи миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланади.
Янги бола парвариши нафақаси учун ҳам аниқ миқдор ва ҳисоблаш механизми ҳукумат қарори қабул қилинганидан кейин маълум бўлади.
Teglar






