Logo

Жанубий Кореянинг собиқ президенти қамоқда бир йил ичида 1,15 млн доллар пул олди

Bugun 12:052 daqiqa

Қонунга кўра, маҳбус ҳисобида бир вақтнинг ўзида 4 миллион вондан ортиқ (тахминан 2700 доллар атрофида) маблағ сақланиши мумкин эмас. Белгиланган лимитдан ошган пул маҳбуснинг шахсий банк ҳисобига ўтказилади ёки озодликка чиққанидан кейин берилади.

Жанубий Кореянинг собиқ президенти қамоқда бир йил ичида 1,15 млн доллар пул олди © The Korea Times

Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёл қамоқда бўлган бир йил давомида ўз ҳисобига 1,7 миллиард вон (тахминан 1,15 миллион доллар) миқдорида пул қабул қилди. Бу мамлакат президентининг бир йиллик маошидан 6,3 баравар кўп. Бу ҳақда «The Korea Times» хабар берди.

Маълумотларга кўра, Юн 2025-йил 10-июлдан 2026-йил 10 июлгача 39 минг 829 марта пул ўтказмасини қабул қилган. У ушбу маблағнинг 99,46 фоизини 511 марта ечиб олган. Бу кўрсаткич Сеул тергов ҳибсхонасидаги бошқа маҳбусларга нисбатан анча юқори. Иккинчи энг кўп пул олган маҳбус 131 миллион вон (89,5 минг доллар) қабул қилган.

Собиқ биринчи хоним Ким Гон Хи ҳам қамоқда энг кўп пул олган маҳбуслардан бири бўлди. У бир йил ичида 171 миллион вон (116,8 минг доллар) қабул қилиб, 8119 марта пул ўтказмасини олган ва маблағнинг 94,5 фоизини ечиб олган.

Қонунга кўра, маҳбус ҳисобида бир вақтнинг ўзида 4 миллион вондан ортиқ маблағ сақланиши мумкин эмас. Белгиланган лимитдан ошган пул маҳбуснинг шахсий банк ҳисобига ўтказилади ёки озодликка чиққанидан кейин берилади.

Шу билан бирга, Юн Сок Ёл 2022-йилги президентлик сайлови кампанияси вақтида ёлғон маълумот бергани учун 1,5 йилга озодликдан маҳрум этилди, бироқ ҳукм 3 йил синов муддати билан шартли белгиланди. Агар ушбу ҳукм кучда қолса, унинг партияси сайлов кампанияси учун давлатдан олган 39,7 миллиард вон (тахминан 27 миллион доллар атрофида) маблағни қайтариши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореянинг амалдаги президенти уйсиз қолганини айтганди. Аниқроғи давлат раҳбари Сеул яқинидаги Соннам шаҳрида жойлашган ўзининг ягона квартирасини шу йилнинг февраль ойида сотувга қўйган. Президент бу қарорга кўчмас мулк бозорини барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларга нисбатан фуқароларнинг ишончини ошириш мақсадида келган.

Teglar

Mavzuga oid