Картадан картага пул кўчиришда «ўтказма мақсади»ни танлаш мажбурий бўлди: бу нега керак?
Марказий банк картадан картага амалга ошириладиган P2P ўтказмаларда янги талабни жорий қилди. Энди фойдаланувчилар пул юбориш пайтида ўтказма мақсадини мажбурий тарзда танлаши шарт бўлади.

Ўзбекистондаги барча банк ва тўлов иловаларида (масалан, Payme, Click ва бошқалар) пул ўтказиш жараёнида махсус меню пайдо бўлади. Фойдаланувчи маблағ юборишдан олдин таклиф этилган 16 та банддан бирини, жумладан, «оилага ёрдам», «қарзни қайтариш», «ижара тўлови» ёки «хайрия» каби тоифаларни танлаши лозим.

Айрим иловаларда бу тизим ишга тушди, қолганларида эса тез орада жорий қилинади.
Нима учун бу тартиб жорий этилди?
Асосий мақсад — мамлакатдаги пул айланмасини тартибга солиш ва халқаро молия қоидаларига мослашишдир. Бу тизим орқали қайси ўтказмалар шахсий, қайсилари эса тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ эканини ажратиш осонлашади.
Шунингдек, янги механизм оддий фойдаланувчилар учун ҳам қўшимча аниқлик яратади. Масалан, пул ўтказиш мақсади тарихда сақланиши баҳсли ҳолатларда далил сифатида хизмат қилиши мумкин.
Солиқ ёки жарима бўладими?
Агар ўтказмалар қонуний бўлса ва тадбиркорлик фаолиятини яширинча юритишга қаратилмаган бўлса, бу янгилик ҳеч қандай солиқ ёки қўшимча тўлов юкламайди.
Бу шунчаки техник талаб бўлиб, ўтказма пайтида битта тугмани босиш орқали амалга оширилади. Марказий банк бу механизмни иқтисодий таҳлил ва халқаро стандартларга риоя қилиш мақсадида жорий этган.
Маълумот учун, 2020 йилда Солиқ қўмитаси томонидан мижозларнинг P2P ўтказмалари тўғрисидаги маълумотларини олишга ҳаракат қилинган, бироқ бу амалиёт жорий этилмаган эди.
2022 йилда эса Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари келажакда P2P кўринишидаги яширин иқтисодиёт ҳолатларини ҳам кўриб чиқиш режалари борлигини билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz картадан картага пул ўтказиш амалиёти дунёда қандай тартибга солинишини таҳлил қилган эди.





