Келишувга қарамай АҚШ Эронга қарши ҳарбий ҳужумлар уюштирди
АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги нефть танкерларига берган зарбаларига жавобан Теҳронга кенг кўламли ҳужумлар уюштирди. АҚШ Марказий қўмондонлиги Эроннинг бу ҳаракатини хавфли ва сулҳни очиқчасига бузиш деб атади.
© Al jazeeraАҚШ ҳарбийлари Теҳроннинг Ҳормуз бўғози яқинида учта танкерни ўққа тутишига жавобан, Эронга қарши янги кенг кўламли ҳужумлар уюштирди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
«АҚШ Марказий қўмондонлиги кучлари Эронга қарши бир қатор кучли зарбаларни бера бошлади. Бундан сабаб — Эроннинг тижорат кемаларини нишонга олиши ва уларга ҳужум қилгани учун унга оғир талафот ва юқори нарх тўлатишдир», — дейилади АҚШ ҳарбийлари баёнотида.
Маълумотларга кўра, битта танкер дрон томонидан уриб туширилган ва кичик зарар кўрган. Деярли бир вақтнинг ўзида Қатарнинг суюлтирилган газ танкери Ал-Рекажат жиддий зарар кўрди. Эрон томонидан уриб туширилган учинчи кема ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Эрон давлат телевидениеси эса, ўз навбатида, огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирганидан кейин суюлтирилган газ танкерига ҳужум қилинганини даъво қилди. Сўнгги кунларда расмий Теҳрон Ҳормуз бўғози орқали ўрнатган ягона йўл хавфсиз эканини бир неча бор таъкидлади.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободий ижтимоий тармоқларда «АҚШнинг Эрон нефтига қарши санкцияларини қайта жорий этиши, шунингдек, кейинги зарбалар келишувнинг жиддий бузилиши ҳисобланади. Эрон ўз миллий манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўради», деб ёзди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Эрон ўртасида 60 кун давомида амал қиладиган сулҳ режимини назарда тутадиган ва томонларга якуний тинчлик битими бўйича музокаралар олиб бориш имконини берадиган келишув имзоланган эди. Ўшанда Трамп Эрон битим шартларига амал қилмаса, Вашингтон ҳарбий зарбаларни қайта бошлашини айтганди.





