Logo

Ким Чен Иннинг синглиси ядро қуролидан воз кечишни сўраганларга кескин жавоб қайтарди

Bugun 18:352 daqiqa

Унга кўра, ядровий тийиб туриш кучлари давлат суверенитетини ва ҳокимиятни ҳимоя қилишнинг энг яхши кафолати бўлиб қолади.

Ким Чен Иннинг синглиси ядро қуролидан воз кечишни сўраганларга кескин жавоб қайтарди

Шимолий Корея етакчисининг синглиси, Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим мудири Ким Ё Чжон КХДРни денуклеаризация қилиш (ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш) чақириқларини кескин рад этди ва мамлакатнинг ядровий мақоми ўзгармас эканини маълум қилди. Бу ҳақда ЦТАК агентлиги ёзмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, Ким Ё Чжон яқинда Филиппинда бўлиб ўтган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) минтақавий форумининг ташқи ишлар вазирлари йиғилишига нисбатан расмий матбуот баёнотини эълон қилган.

«Корея яриморолидаги вазият моҳиятини бузиб кўрсатган ва қандайдир «Корея яриморолини тўлиқ денуклеаризация қилиш» ҳақида такрорлаган раиснинг ачинарли баёноти эълон қилинди. КХДР Конституциясини эътиборга олмай, АҚШ изидан эргашиб „денуклеаризация“ ҳақида куйлаётган форумнинг очиқдан-очиқ душманлик позициясидан жиддий норозилигимни билдираман ҳамда энг кескин риторик иборалар билан буни қатъий қоралайман ва рад этаман», — дея маълум қилган Ким Чен Иннинг синглиси.

Ядровий давлат мақоми ва узлуксиз ривожланиш

АСЕАН минтақавий форумини АҚШнинг «ёлланма жарчиси» деб атаган Ким Ё Чжон КХДРнинг ядровий давлат мақоми қоғозлардаги чақириқлар билан ўзгармаслигини таъкидлаган.

«АҚШ ва унинг ёрдамчилари КХДР Конституциясида мангуга мустаҳкамлаб қўйилган ядровий давлат мақомини ҳеч қандай юридик мажбуриятга эга бўлмаган биргина қоғоз билан ўзгартиришга уринмоқда», — деди у.

Шунингдек, Ким Ё Чжон Шимолий Кореянинг ядровий қуввати заррача тўхталишсиз, муттасил равишда янгиланиб боришини таъкидлаган.

«Бизнинг позициямиз изчил ва аниқ: ядровий тийиб туриш кучлари давлат суверенитети учун ишончли қалқон ва давлат ҳокимиятини ҳимоя қилишнинг энг яхши кафолатидир. Ким нима демасин, кучлар паритетини таъминловчи ва Корея яримороли ҳамда унинг ҳудудидан ташқарида геосиёсий хавфсизликни кафолатловчи масъулиятли ядровий давлат сифатида КХДРнинг мақоми ва мавжудлиги узил-кесил ҳамда ортга қайтмасдир».

Teglar

Mavzuga oid