Клиринг тизими нима ва у қандай ишлайди?
Марказий банк тасдиқлаган марказлашган клиринг ва марказий контрагент тизими битимлар хавфсизлигини ошириши кутилмоқда. VAQT.UZ мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва бозорга қандай таъсир кўрсатиши юзасидан регулятордан изоҳ олди.

2026 йил 26 май куни Марказий банк бошқаруви қарори билан «Марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Марказий банк матбуот хизматининг VAQT.UZ’га маълум қилишича, лойиҳани тайёрлаш жараёнида Германиянинг Eurex Clearing, Япониянинг JASDEC, Россиянинг Миллий клиринг маркази ва Қозоғистоннинг KACC клиринг ташкилотлари тажрибаси ўрганилган.
Ушбу моделларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам Клиринг ташкилоти ҳар бир битим бўйича ҳисоб-китобларнинг ишончли бажарилишини таъминловчи марказий контрагент вазифасини бажаради.
Оддий қилиб айтганда, тизим ким қанча қимматли қоғоз ёки валюта сотгани, кимнинг қандай мажбурияти борлиги ва якунда қайси иштирокчи қанча маблағ тўлаши кераклигини ҳисоблаб чиқади.
Aсосий элементларидан бири марказий контрагент бўлиб, у ҳар бир харидор учун сотувчи, ҳар бир сотувчи учун эса харидор вазифасини бажаради.
Бу орқали биржа иштирокчилари битимнинг қарши томони ўз мажбуриятини бажармаслиги хавфидан ҳимоя қилинади. Яъни иштирокчилар бир-бирини танимаса ҳам, битимнинг бажарилишига марказий контрагент кафолат беради.
Рисклар қандай бошқарилади?
Низомда савдо иштирокчиларидан бири банкрот бўлса ёки пулини тўлай олмаганда, бутун бозор жабр кўрмаслиги учун ҳимоя механизмлари белгиланган.
Жумладан, клиринг иштирокчилари савдоларда қатнашишдан аввал маржа бадали киритиши шарт. Бу маблағ иштирокчининг ўз мажбуриятларини бажариши учун кафолат вазифасини ўтайди.
Марказий банк маржа бадаллари миқдори ҳақидаги саволга жавоб берар экан, маржа бадаллари учун ягона ёки олдиндан белгиланган ставка мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Бадалларининг миқдори молиявий инструментнинг бозор хусусиятлари, ликвидлиги, нарх ўзгарувчанлиги ҳамда иштирокчининг очиқ позициялари ҳажмига қараб Клиринг ташкилоти томонидан тасдиқланадиган клиринг қоидаларида белгиланади. Риск даражаси юқори бўлган операциялар учун маржа миқдори ҳам юқорироқ бўлади.
Шунингдек, клиринг ташкилоти захира ва кафолат жамғармаларини шакллантиради. Агар иштирокчилардан бири битим бўйича тўловни амалга ошира олмаса, ушбу жамғармалар ҳисобидан ҳисоб-китоблар якунланади
Тизим қандай ишлайди?
Низомга мувофиқ, клиринг жараёни тўлиқ электрон платформа орқали амалга оширилади.
Тизим иштирокчилар учун махсус ҳисобварақлар очади, савдо куни давомида тузилган барча битимлар ҳақидаги маълумотларни қабул қилади ва қайта ишлайди. Шундан сўнг иштирокчиларнинг талаб ва мажбуриятлари ҳисобланиб, якуний пул ўтказмалари амалга оширилади.
Марказий банкка кўра, мазкур механизм молия бозорида «занжирли реакция» хавфини камайтиришга хизмат қилади. Яъни бир иштирокчининг тўловга қобилиятсизлиги бутун бозор барқарорлигига салбий таъсир кўрсатишининг олди олинади.
Юқоридаги тартибларни назарда тутувчи мазкур қарор расмий эълон қилинган санадан 3 ой ўтиб, яъни 27 августдан эътиборан кучга киради.
Maftuna Yaxshilikova tayyorladi


