Коррупция бўйича жавобгарликка тортилган ҳоким ёрдамчилари сони маълум қилинди
Ҳоким ёрдамчиларининг коррупция ҳолатлари бўйича расмий маълумотлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Марат Жўраев айтган рақамлардан қарийб 20 баробар кўп экани маълум бўлди.

2025 йилда Ўзбекистонда 153 та жиноят иши доирасида жами 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд маълумотларига таяниб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қўлланилган жазолар
Маълумотларга кўра, судлар томонидан айбдор деб топилган ҳоким ёрдамчиларига турли жазо чоралари қўлланилган. Жумладан, 37 нафар шахс озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, 38 нафарга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, энг кўп ҳолатларда айбдорларга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган. Ушбу чора 160 нафар ҳоким ёрдамчисига нисбатан белгиланган. Яна 12 нафарга жарима жазоси тайинлангани айтилди.
Расмий маълумотларга кўра, яна 5 нафар шахсга бошқа турдаги жазо чоралари қўлланилган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Ёлғон ахборот тарқатган вазирлик
Аввалроқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев 2025 йилда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ 8 та коррупцион ҳолат ҳақида интернетда тарқалган маълумотларга изоҳ берган эди. Унинг таъкидлашича, ҳоким ёрдамчилари коррупция ҳолатлари бўйича Антикоррупция агентлиги рейтингида ҳатто Top-10 рўйхатига ҳам кирмайди.
Марат Жўраев айтган рақамларга шубҳа билдирган Vaqt.uz мухбирига жавобан у ўзидаги маълумотлар аниқ эканлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Жўраевнинг айтишича, 2026 йил феврал ойидан ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодлар коррупцияга қарши курашиш барқарорлик даражасини баҳолаш учун тест синовлари ўтказилмоқда.
«Тест натижасига қараб, кейин лавозимга тасдиқланади. Бу тажрибани февралда бошлаган бўлсак, шу вақт ичида 170 нафар номзод тест топширди. Агар улар тестни топшира олмаса, қайта ўқитишга юборилади. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги раҳбар ходимларни баҳолаш маркази билан биргаликда амалга ошириляпти. Номзодлар тестни топширмагунча бу лавозимга тайинланмайди», — деди у.





