Кредит рекламаларида молиявий хавфлар ҳақида огоҳлантириш мажбурияти белгиланди
Энди кредит ва микроқарз рекламаларида қарзни вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантириш бўлиши шарт. У рекламадан ажратилган жой ёки эфир вақтиннинг камида 10 фоизини эгаллаши керак.
© Sun'iy intelektЎзбекистонда кредит ва микроқарз рекламаларида қарзни тўламаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантириш мажбурий этиб белгиланди. Бу бўйича 10-ноябр куни ЎРҚ–1187-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, «Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилган янги талабга кўра, кредит ва микроқарз рекламаларида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилиши шарт.
Бунда огоҳлантириш босма ва электрон рекламаларда умумий майдоннинг, аудио ва видеорекламаларда эса эфир вақтиннинг камида 10 фоизини эгаллаши керак.
Аввалроқ, Марказий банк томонидан банкларга кредит рекламалари ва шартномаларида қарз мажбуриятларини бажармаслик оқибатлари ҳақида мижозларни олдиндан огоҳлантириш талаби белгиланган эди.
Адлия вазирлигида 3948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорга кўра, банклар кредит рекламаларида тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик молиявий хавфларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиши шарт.
Шунингдек, кредит шартномасининг биринчи саҳифасида ҳам қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантириш берилиши белгиланган.
Огоҳлантиришда қарз вақтида тўланмаса, унинг миқдори ошиши, қарз олувчининг мол-мулки ва банк ҳисобварақларидаги маблағларига ундирув қаратилиши ҳамда кредит тарихи ёмонлашиши мумкинлиги кўрсатилади. У саҳифанинг камида 30 фоизини эгаллаши лозим.
Бундан ташқари, мижозни чалғитувчи кредит маҳсулотларини реклама қилган банкларга нисбатан тегишли чоралар ва санкциялар қўлланади.
Кредит олишдан олдин чеклист ҳам берилиши керак
Марказий банк банклардан кредит ажратишдан олдин жисмоний шахсларга кредит мажбуриятлари билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар ҳақида чеклист тақдим этишни талаб қилган. Мижоз ушбу маълумотлар билан танишганини тасдиқламагунича кредит шартномасини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Шундай қилиб, кредит олиш жараёнида мижозни хабардор қилиш бир неча босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган. Банк реклама орқали эҳтимолий хавфларни кўрсатиши, шартномада қарзни вақтида тўламаслик оқибатларини батафсил баён қилиши ва кредит ажратишдан олдин мижозга таваккалчиликлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак.
Қонун 2026-йил 10-ноябрдан кучга кирган. Шу билан бирга, кредит ва микроқарз рекламаларида молиявий хатарлар ҳақида огоҳлантириш талаби 2027-йил 10-февралдан бошлаб амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар ҳажми 25 трлн сўмдан ошди. Марказий банкка кўра, айрим микромолия ташкилотларида муаммоли кредитларнинг улуши 69 фоизга етган. Ўзбекистондаги банк кредитларининг 45 фоизи ва депозитларининг 76 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.





