«Маблағ бор, ресурс бор, гўшт ва картошкада ҳеч қандай масала бўлмаслиги керак» — Президент
Қорамол импорти қисқариши ва картошка нархи ошиши сабаблари очиқланиб, соҳадаги сусткашлик учун маҳаллий раҳбарлар масъулиятини кескин ошириш вазифаси қўйилди.

Логистикадаги узилишлар туфайли жорий йилнинг биринчи чорагида қорамол импорти икки баробарга қисқарди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Хусусан, самолёт орқали ташиладиган ҳар бир наслли қорамол учун 4 миллион сўмгача субсидия ажратиш, гўшт импортида эса транспорт харажатларининг ярмини қоплаш механизми жорий этилди. Шу билан бирга, тадбиркорлар учун муқобил транспорт коридорларини кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Тадбиркор мурожаатини кутмасдан, мутасадди рахбарлар тўсиқларни олдиндан аниқлаши зарур
Режаларга кўра, иккинчи чоракда 45 минг тонна, йил якунига қадар эса 130 минг тонна гўшт импортини таъминлаш белгиланган. Мутасаддиларга юк ҳаракатидаги тўсиқларни олдиндан аниқлаб, тадбиркорлар мурожаатини кутмасдан, онлайн мониторинг орқали муаммоларни зудлик билан ҳал этиш топширилди.
Наманганда ерларнинг 74 фоизига ҳали экин экилмаган
Чорвачиликни ривожлантириш учун озуқа базасини мустаҳкамлаш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Жорий йилда 478 минг гектарда озуқа экинлари экиш режалаштирилган бўлса-да, қатор ҳудудларда ишлар ортда қолмоқда. Хусусан, Наманганда ерларнинг 74 фоизига ҳали экиш ишлари амалга оширилмагани танқид қилинди.
Зарбдор, Қизилтепа ва Поп туманларида силос экиш бошланмагани, Амударё, Ғиждувон, Хонқа ва Бағдодда ҳам ишлар қониқарсиз экани қайд этилди. Вилоят ҳокимларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида яна 100 минг гектар ерни аукционга чиқариш режалаштирилган. Бу ерларни тезкор айланмага киритиш ва экиш ишларини жадаллаштириш муҳимлиги алоҳида урғуланди.
Режалаштирилган ернинг учдан икки қисмигагина картошка экилган
Шу билан бирга, картошка етиштиришда ҳам муаммолар кузатилмоқда. Режалаштирилган 180 минг гектардан атиги 118 минг гектарига экиш ишлари амалга оширилган. Айниқса, Қашқадарё ва Сурхондарёда кўрсаткичлар паст бўлиб, мос равишда 41 ва 44 фоизни ташкил этган.
Бу ҳолат нархларга ҳам таъсир кўрсатган. Март ойидаёқ картошка Сурхондарёда 12,4 фоизга, Қашқадарёда эса 9 фоизга қимматлашгани қайд этилди. Картошкачиликка ихтисослашган Хўжаобод, Андижон, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон, Тошлоқ ва Фарғона туманларида ҳам ишлар қониқарсиз деб баҳоланди.
Сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар масъулиятини ошириш вазифаси қўйилди. Давлат раҳбари «маблағ бор, ресурс бор, гўшт ва картошкада муаммо бўлмаслиги керак» дея қатъий позиция билдирди.





