Мактабга берилган зарба ортида ким турибди? Далиллар АҚШга ишора қиляпти
28 феврал куни Миноб шаҳридаги қизлар мактабига берилган зарба, АҚШ кучлари томонидан ҳарбий-денгиз базасига уюштирилган ҳужумнинг бир қисми бўлган кўринади.

28 феврал куни Эрон жанубидаги Миноб шаҳрида бошланғич мактабга берилган зарба — АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилганидан бери тинч аҳоли орасида энг кўп қурбон берилган ҳодиса бўлди. Ҳозиргача ҳеч бир томон масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.
Бироқ, «The New York Times» томонидан тўпланган далиллар — жумладан янги сунъий йўлдош тасвирлари, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва тасдиқланган видеолар — шуни кўрсатмоқдаки, мактаб биноси Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига (ИИМК) тегишли қўшни ҳарбий-денгиз базасига берилган аниқ зарбалар вақтида қаттиқ шикастланган.
АҚШ расмийларининг Хурмуз бўғози яқинидаги денгиз нишонларига ҳужум уюштирилгани ҳақидаги баёнотлари, ушбу зарба катта эҳтимол билан Америка кучлари томонидан амалга оширилганини англатади. Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливитт чоршанба кунги матбуот анжуманида АҚШ мактабга зарба берганми деган саволга:
«Бизнинг билишимизча, йўқ», деб жавоб берди ва Уруш вазирлиги воқеани ўрганаётганини қўшимча қилди.
Талофатлар ва воқеа жойидан далиллар
Эрон соғлиқни сақлаш расмийлари ва давлат ОАВлари «Шажараи Таййиба» бошланғич мактабидаги портлаш оқибатида камида 175 киши ҳалок бўлганини билдирди. Уларнинг аксарияти болалардир. Ижтимоий тармоқларда тасдиқланган видеоларда маҳаллий аҳоли ва қутқарувчилар вайроналар остидан жасадларни қидираётгани, аёлларнинг фарёд чекаётгани акс этган. Миноб қабристонида ҳалок бўлган болалар ва ўқитувчилар учун юзга яқин қабр қазилган.
Бошланғич мактаб Теҳрондан қарийб 1000 кмдан кўпроқ масофада, муҳим сув йўли бўлган Ҳўрмуз бўғози яқинидаги кичик Миноб шаҳарчасида жойлашган. Шанба куни Эронда иш ҳафтасининг бошланиши бўлгани сабабли зарба берилган вақтда болалар ва ўқитувчилар дарсда бўлишган.
Зарбалар ҳақида биринчи бўлиб маҳаллий вақт билан соат 11:30 дан бироз ўтиб ижтимоий тармоқларда хабар берилган.
Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили
Planet Labs компаниясидан олинган янги сунъий йўлдош суратлари қуйидагиларни тасдиқлайди:
• Ҳарбий база ичидаги тўртта бино бутунлай вайрон бўлган.
• Яна иккита бинонинг томи марказидан аниқ зарба нуқталари кўринади.
• Мактаб биноси ҳам худди шундай юқори аниқликдаги зарбага учраган.
Нишон нега танланган бўлиши мумкин?
«New York Times» томонидан кўриб чиқилган 2013 йилги сунъий йўлдош тасвирларига кўра, мактаб бир вақтлар Инқилоб муҳофизлари ҳарбий-денгиз базасининг бир қисми бўлган. Базанинг бошқа ҳудудларидан шанба куни зарба берилган мактаб биносига йўллар олиб борган. Аммо 2016 йил сентябрдаги сунъий йўлдош тасвирлари шуни кўрсатадики, худди шу бино девор билан ажратилган ва энди база билан боғланмаган.
Оммавий фойдаланиш мумкин бўлган тарихий сунъий йўлдош тасвирлари бинода мактабга хос белгилар, жумладан, вақт ўтиши билан қўшилган спорт майдончаси ва бошқа дам олиш жойлари борлигини кўрсатади.
Стенфорд университети эксперти Бет Ван Шаакнинг таъкидлашича, АҚШнинг разведка имкониятларини ҳисобга олганда, улар мактаб яқин атрофда эканини билишлари керак эди.
Ҳужумдан кейинги бир неча кун ичида АҚШ расмийлари масъулиятни на тасдиқлади ва на инкор этди. Мудофаа вазири Пит Ҳегсет чоршанба куни тергов кетаётганини айтди. Исроил ҳарбий вакили Надав Шошани якшанба куни журналистларга «ҳозирча у ўша вақтда, у ҳудудда Исроилнинг бирон бир ҳарбий операциясидан хабардор эмаслигини» билдирди.





