Марказий Осиё тупроқни муҳофаза қилиш бўйича йирик иқлим лойиҳасини тайёрламоқда
Ташаббус учун молиялаштириш сўрови Яшил иқлим фондига тақдим этилган.

Марказий Осиё мамлакатлари тупроқни муҳофаза қилиш, ер унумдорлигини сақлаш ва барқарор ердан фойдаланишни ривожлантиришга қаратилган янги йирик иқлим лойиҳасини тайёрламоқда. Ташаббус учун молиялаштириш сўрови БМТнинг Яшил иқлим фондига топширилган, деб хабар қилади «Kazinform».
Лойиҳанинг асосий вазифаси – иқлим ўзгариши тезлашиб бораётган шароитда тупроқ унумдорлигини сақлаш. Ҳозирёқ минтақада ер деградацияси, чўлланиш ва биоранг-баранглик йўқолиши кузатилмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига хавф туғдирмоқда.
GIZ иштирокидаги лойиҳа
Ташаббус Германнинг халқаро ҳамкорлик ташкилоти GIZ иштирокида амалга оширилиши кутилмоқда.
GIZ эксперти Даниэл Герекенинг маълум қилишича, агар молиялаштириш тасдиқланса, лойиҳа келаси йил бошида бошланиши мумкин. Ҳозирда минтақада ILUCA дастури доирасида иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ердан фойдаланиш усуллари жорий этилмоқда.
Тоғли мамлакатлар
Лойиҳа айниқса тоғли давлатлар учун муҳим. Бундай мамлакатда ер кўчиши, сел ва қурғоқчилик каби табиий хавфлар тез-тез учрайди.
Масалан, Тожикистон ҳудудининг 90 фоиздан ортиғи тоғлардан иборат бўлиб, қишлоқ хўжалиги ерларининг катта қисми яйловлар ҳисобланади. Чорва молларининг кўпайиши ва ортиқча боқиш яйловлар деградациясини кучайтирмоқда.





