Logo

Хитой олдинга чиқяптими ёки Россия чекиняптими? Марказий Осиёда кучлар нисбати

Пекиннинг инвестициялардаги етакчилиги Россиянинг минтақадаги мавқеини заифлаштирмайди. Хитойнинг Марказий Осиёдаги инвестициялари $35 миллиарддан ошган. Россиянинг инвестициялари эса қарийб $20 миллиардни ташкил этади. Бугун Хитой минтақага энг кўп маблағ киритаётган давлат бўлса, Москва транспорт йўлаклари, меҳнат миграцияси ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик орқали ўз таъсирини сақлаб қолмоқда.

Хитой олдинга чиқяптими ёки Россия чекиняптими? Марказий Осиёда кучлар нисбати © AP

Марказий Осиёнинг инвестиция харитасида ўзгариш юз берди. Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) янги таҳлилий маълумотларига кўра, Хитой Россияни ортда қолдириб, минтақанинг энг йирик хорижий инвесторига айланди.

Хитойнинг Марказий Осиёдаги инвестициялари $35 миллиарддан ошган. Россиянинг инвестициялари эса қарийб $20 миллиардни ташкил этади. Бугун Хитой минтақага энг кўп маблағ киритаётган давлат бўлса, Россия транспорт йўлаклари, меҳнат миграцияси ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик орқали ўз таъсирини сақлаб қолмоқда.

Марказий Осиё давлатлари эса Москва ва Пекин билан муносабатларда мувозанатни сақлашга, ҳар икки томондан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Хитой ва Россия нималарга пул тикмоқда?

Хитой, асосан, «Бир макон – бир йўл» ташаббуси доирасида йирик транспорт ва логистика лойиҳаларига сармоя киритмоқда. Минтақада Хитой пулларини энг кўп жалб қилаётган давлат эса Қозоғистон. Иқтисод фанлари доктори, профессор, Россия Фанлар академияси ҳузуридаги Евроосиё тадқиқотлари маркази етакчи илмий ходими Игор Филкевич Қозоғистон минтақада тобора муҳим рол ўйнаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, Қозоғистон энди фақат транзит ҳудуд эмас, балки Марказий Осиёнинг муҳим инвестиция ва сиёсий марказига айланмоқда.

Хитойнинг Марказий Осиёдаги инвестицияларининг қарийб 90 фоизи уч давлат ҳиссасига тўғри келади:

Қозоғистон — 32 фоиз;
Ўзбекистон — 30 фоиз;
Туркманистон — 27 фоиз;
Тожикистон — 6 фоиз;
Қирғизистон — 5 фоиз.

Россия эса кўпроқ узоқ муддатли ва стратегик лойиҳаларга эътибор қаратмоқда. Жумладан, нефт-газ, атом энергетикаси, саноат ва машинасозлик соҳаларига сармоя киритмоқда. Москва, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасидаги ҳамкорликка таянмоқда. Иттифоққа кирувчи давлатларда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари ва корхоналар ташкил этилмоқда.

Экспертнинг фикрича, Хитой ва Россиянинг минтақадаги иқтисодий имкониятлари бир-бирига тўсқинлик қилмайди. Аксинча, Хитойнинг инфратузилмага киритаётган пуллари Россиянинг иқтисодий манфаатларини ҳам тўлдириши мумкин.

Уруш ва санкциялар Россиянинг имкониятларини чекладими?

Россиянинг Украинадаги уруши ва унга қарши киритилган санкциялар Москванинг Марказий Осиёга сармоя киритиш имкониятларини камайтирдими? Филкевичнинг айтишича, санкциялар логистика ва пул ўтказмаларида айрим қийинчиликларни келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Аммо Россиянинг йирик лойиҳаларга киритадиган маблағлари қисқа муддатли эмас, балки узоқ йилларга мўлжалланган.

«Йирик инфратузилма, энергетика ва ишлаб чиқариш лойиҳалари ўнлаб йилларга мўлжаллаб режалаштирилади. Шунинг учун уруш сабаб Россиянинг минтақага ажратадиган маблағи камайди ёки у инвестиция киритишни тўхтатди, дейиш нотўғри. Аввал бошланган дастурлар молиялаштирилишда давом этмоқда ва илгари олинган мажбуриятлар бажарилмоқда», — деди Филкевич.

Унинг фикрича, Россия бизнесининг Марказий Осиёдаги фаолияти йўқолмаган, балки янги шароитга мослашган. Россия ва минтақа давлатлари ўртасидаги савдо ва молиявий алоқалар ҳамон катта ҳажмда қолмоқда.

Хитой фақат иқтисодда, Россия эса хавфсизликдами?

Пекин ва Москванинг Марказий Осиёдаги таъсир доиралари қатъий ажралган, деган қараш мавжуд. Яъни, Хитой иқтисодиётга кириб келмоқда, Россия эса асосан хавфсизлик ва маданият соҳасида қолмоқда, деган фикрлар бор.

Филкевичнинг таъкидлашича, аслида ҳар икки давлат ҳам минтақанинг турли соҳаларида фаол иштирок этмоқда. Масалан, Хитой иқтисодиёт билан чекланиб қолмай, маданият ва таълим соҳасидаги таъсирини ҳам кучайтирмоқда. Бунинг мисолларидан бири — Конфуций институтлари ва хитой тили ўқитиладиган марказларнинг кўпайиши.

Бундай марказлар нафақат Марказий Осиёда, балки Россиядаги йирик олий таълим муассасаларида ҳам фаолият юритмоқда. Масалан, Россия халқлар дўстлиги университетида (РУДН) ҳам хитой тили ва маданиятига оид таълим дастурлари мавжуд.

Россия эса фақат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва маданий алоқалар билан чекланиб қолмаяпти. Москва Марказий Осиё давлатлари билан савдо, саноат ва бошқа иқтисодий йўналишларда ҳамкорликни давом эттирмоқда. Россия билан мавжуд савдо ва ишлаб чиқариш алоқалари уни минтақа давлатлари учун муҳим ҳамкорга айлантириб турибди.

Марказий Осиё давлатлари қандай мувозанат сақламоқда?

Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда Москва ва Пекин ўртасида мувозанат сақлашга ҳаракат қилмоқда. Яъни, улар фақат битта давлатга таяниб қолмасдан, ҳар икки томон билан ҳамкорлик қилиб, ўзига керакли имкониятлардан фойдаланмоқда. Филкевичнинг айтишича, ҳар бир давлат ўзига керак бўлган нарсани олмоқда.

Хитой катта миқдорда инвестиция ва кредитлар таклиф қилмоқда. Бу маблағлар йўл, энергетика, саноат ва бошқа инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Хитой кредитлари ва инвестицияларидан фаол фойдаланмоқда. Экспертнинг фикрича, Хитойга молиявий боғлиқлик масаласи мавжуд. Бироқ минтақа давлатлари бунинг хавфларини ҳам тушунади ва Хитой билан иқтисодий ҳамкорликдан фойдаланишга ҳаракат қилади.

Шу билан бирга, Россия билан иқтисодий, энергетик ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқалар ҳам сақланиб қолмоқда. Россия билан меҳнат миграцияси ва савдо алоқалари ҳам Марказий Осиё давлатлари учун муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Экспертнинг фикрича, шунинг учун Хитойнинг минтақадаги инвестициялари ошаётгани Россиянинг сиёсий таъсири автоматик равишда камаймоқда, дегани эмас.

«Россия — ўз иқтисодий ва сиёсий имкониятларига эга глобал давлат. Марказий Осиё республикалари учун Москва билан алоқаларни узиш ёки кескин совутиш иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан фойдали эмас», — деди профессор.

Унинг фикрича, Россия билан яқин ҳамкорлик Марказий Осиё давлатлари учун барқарорлик ва ривожланиш имкониятларини сақлаб қолишда муҳим бўлиб қолади. Шу билан бирга, минтақа давлатлари Хитой билан иқтисодий алоқаларни ҳам давом эттирмоқда. Натижада Марказий Осиёда Москва ва Пекин ўртасидаги рақобатдан кўра, икки томон билан бир вақтнинг ўзида ҳамкорлик қилишга асосланган сиёсат кучаймоқда.

Teglar

Mavzuga oid