Logo

MBA керакми ёки спорт ҳужжатли фильмининг ўзи етарлими?

Bugun 19:556 daqiqa

Бизнес мактаблари стратегия ва жамоа бошқарувини назариялар орқали ўргатади. Спорт ҳужжатли фильмлари эса шу муаммоларни босим, мағлубият ва ички зиддиятлар орасида кўрсатади. Бироқ кийиниш хонасидаги усулларни офисга тўғридан-тўғри кўчириш ҳам хато: спортда натижа тез ва аниқ ўлчанади, компанияда эса яхши бошқарувнинг таъсири дарҳол кўринмаслиги мумкин.

MBA керакми ёки спорт ҳужжатли фильмининг ўзи етарлими?

Дунёнинг етакчи бизнес мактаблари билим билан бирга сертификат сотишни ҳам тобора кўпайтирмоқда. Компьютери ва ортиқча пули бор одам турли онлайн дастурларда ўқиб, нуфузли университет сертификатини олиши мумкин.

Масалан, Harvard Business School сунъий интеллект ёрдамида яратилган профессорлардан 699 долларга дарс олиш имконини таклиф қилмоқда.

1

Harvard Business School кампуси. Фото: Ajay Suresh/Wikimedia Commons

Бироқ бизнесни тез ва ундан ҳам арзон ўрганишнинг бошқа йўли бор. Бунинг учун Amazon «коллежи» ёки Netflix «университети»даги спорт ҳужжатли фильмларини томоша қилиш кифоя, деб ёзади The Economist.

Спорт ҳужжатли фильмлари одатда бошқарув бўйича тавсия этиладиган адабиётлар қаторига кирмайди. Аммо менежмент назариялари ва мураббийларнинг кийиниш хонасидаги нутқлари бир вақтда, икки хил тилда деярли бир хил муаммолар ҳақида гапириб келган.

Масалан, бизнес назариётчиси Клейтон Кристенсен 1990-йиллар ўрталарида «disruptive innovation» — бозордаги эски тартибни бузадиган инновациялар ҳақида ёзаётган эди. Худди шу даврда Британия телевидениеси Англия терма жамоаси мураббийи ҳақидаги тушкун руҳдаги «Graham Taylor: An Impossible Job» ҳужжатли фильмини намойиш этди.

2005-йилда эса INSEAD’нинг икки профессори компанияларга рақобат кам бўлган «мовий океан» бозорларини излашни маслаҳат берди. Инглиз мураббийи Нил Уорнок эса футболчиларига анча содда кўрсатма берган: ўйиндан завқланиш мумкин, фақат интизомни бир лаҳза ҳам унутмаслик керак.

Netflix’даги MBA дастури

Ҳозир вазият тескарига айлангандек. Йирик бошқарув ғоялари бизнес мактабларида камайиб бораётган бир пайтда, спорт кийиниш хоналари уларга тўлиб кетган.

Пандемия даврида Formula 1 жамоалари ҳақидаги «Drive to Survive» ҳамда «Chicago Bulls»нинг 1997/98-йилги мавсумига бағишланган ўн қисмли «The Last Dance» катта аудитория тўплади. Шундан сўнг стриминг платформалари томошабинларнинг спорт фалсафасига қизиқиши катта деган хулосага келди.

Натижада фақат Netflix’да 2026-йилнинг ўзида эркаклар футболи ҳақида чиққан фильмлардан бутун бошли MBA дастури тузиш мумкин.

Компанияни инқироздан олиб чиқиш бўйича дарс учун «Liverpool»нинг 2005-йилги Чемпионлар лигаси финалидаги қайтишига бағишланган фильм мос келади. Ҳужжатли фильм 78 дақиқа давом этади, «Liverpool»нинг учта гол уриб ҳисобни тенглаштириши эса олти дақиқа вақт олган.

Янги бозорларга чиқишни режалаштираётган раҳбар «Norway: The Dark Horse» орқали Скандинавия бошқаруви билан танишиши мумкин. «The Bus: A French Football Mutiny» эса заҳарли иш муҳитига бағишланган тайёр кейс вазифасини бажаради.

Тўғри, бундай фильмларнинг аксариятида ўзини мақташ кўп, амалий бошқарув дарслари эса кам. Amazon’нинг Пеп Гвардиола ҳақидаги «A Beautiful Obsession» сериали бу борада кам учрайдиган истисно.

Гвардиола бошқараётган миллиард долларлик бизнес

«A Beautiful Obsession» Гвардиоланинг «Manchester City»даги сўнгги даврини кўрсатади. У оддий футбол жамоасини эмас, йиллик даромади қарийб 1 млрд долларга етадиган йирик бизнесни бошқарган.

2


Пеп Гвардиола «Manchester City» футболчилари билан кийиниш хонасида. Фото: Tom Flathers/Amazon

Унинг фаолияти ҳар ҳафта аниқ ҳисоб билан баҳоланар эди. Бундан ташқари, Гвардиола бир вақтнинг ўзида маҳаллий ва глобал бренд учун жавобгар. Бир томонда «Oasis» гуруҳи аъзоси Ноэл Галлахер каби оддий мухлислар, иккинчи томонда клуб раҳбари Халдун ал-Муборак туради.

Кўпчилик бошқарув назариялари битта асосий ғояга таянади. Гвардиоланинг муваффақияти эса бир-бирига зид усулларни бир вақтда қўллашида.

Бир ўйин олдидан у футболчилардан кийиниш хонасида бир-бирини қучоқлашни талаб қилади. Жамоа ютқазгач эса қарорларидан норози қиёфани кўрса, футболчиларни «ўлдиришини» айтиб, уларга дағдаға қилади.

Кийиниш хонасида оддий корпоратив ибораларни асосан жамоа сардори Кайл Уокер ишлатади. У футболчиларга майдонда бирга бўлиш кераклигини эслатади. Бироқ биринчи қисм охиридаёқ унинг ўзига эшик кўрсатилади.

Бизнес мактабларида янги ғоя сифатида тақдим этиладиган айрим хулосалар спортда аллақачон оддий ҳақиқат ҳисобланади.

Масалан, The Economist келтирган тадқиқотда олимлар нейрон тармоқларга асосланган машинавий ўрганиш ёрдамида қийин даврда компания бошқариш раҳбарларни тезроқ қаритишини аниқлаган. 

Гвардиола буни илмий моделсиз ҳам кўрсатади: кучли босим пайтида бошини тирнаб, юзида ва бошида қизил излар қолдиради.

3

Пеп Гвардиола 2024 йил ноябрда «Manchester City» — «Feyenoord» ўйинидан кейин. Фото: Amazon Prime

«Manchester City»даги бошқарувда рақамлаштириш ҳам бор. Футболчилар 43 хил кўрсаткичдан иборат модел асосида баҳоланади ва натижалар кадрлар бўйича қарорларда ишлатилади. Шунга қарамай, профессионал спорт оқ доска ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган сўнгги соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.

Нега оддий компанияни Гвардиоладек бошқариб бўлмайди?

Кўпчилик раҳбарлар учун Гвардиоланинг кийиниш хонаси бегона ва ноқулай жой бўлиб кўринади. Бунинг бир сабаби — у ерда аёллар йўқлиги. Асосий сабаб эса футболчилар ва мураббийнинг ғалабага оддий компания ходимларидан анча кучлироқ боғланганидир.

Бунинг ёмон томони йўқ. Автомобиль эҳтиёт қисмлари сотадиган компаниянинг ўрта бўғин раҳбарлари Гвардиола услубида ишласа, ташкилот ходимлар учун чидаб бўлмас жойга айланиши мумкин.

Аммо иқтисодиётда натижаси кам сонли ноёб мутахассисларга боғлиқ ташкилотлар ҳам кўпаймоқда. Сунъий интеллект лабораториялари ва хеж-фондлар шулар жумласидан. Уларда бир нечта юлдуз ходимнинг салоҳиятидан максимал фойдаланиш бутун бизнес натижасини белгилаши мумкин.

Бундай компаниялар ичида бошқарув қандай ишлашини кузатиш деярли имконсиз. Профессионал спорт эса айни жараённи камералар орқали очиб беради. Гвардиолани бизнес раҳбарлари учун қизиқарли қиладиган жиҳат ҳам шу.

Инвесторлар учун ҳам тайёр дарс

Спорт клублари ва лигаларини миллиардлаб долларга сотиб олаётган инвесторлар учун ҳужжатли фильмлар шунчаки кўнгилочар маҳсулот эмас.

Улар спорт жамоаси оддий активдан фарқ қилишини кўрсатади. Клубнинг стадиони, футболчилари ва медиа ҳуқуқларини сотиб олиш мумкин. Аммо мухлисларнинг унга бўлган муносабатини шартнома билан бошқариб бўлмайди.

4


«Michael is Basketball!» плакатини кўтарган «Chicago Bulls» мухлислари. Чикаго, 1998 йил апрель. Фото: Jonathan Daniel/Allsport/Getty Images

Шу сабаб молиявий томондан жозибадор кўринган янги лига, хусусийлаштириш ёки ребрендинг лойиҳаси мухлисларнинг қаршилиги туфайли муваффақиятсиз тугаши мумкин.

Спорт франшизаларига рекорд миқдорда пул тикаётган инвесторлар ҳужжатли фильмларни ўзига хос текширув воситаси сифатида кўра олади. Улар даромад ва харажатларни эмас, молиявий моделда кўринмайдиган омил — мухлисларнинг ҳиссий боғлиқлигини тушунтиради.

Спорт AI’дан ҳимояланган бизнесми?

Спорт жамоалари ўзига хос институт ҳисобланади. Миллиардерларга улар нуфуз ва таъсир олиб келадиган қиммат активдир. Шу билан бирга, клуб чипта, реклама, трансляция ва ҳомийлик ҳуқуқларини сотадиган йирик бизнес ҳамдир.

Энг муҳими, кўпчилик спортни сунъий интеллект таъсирига нисбатан чидамли соҳалардан бири деб ҳисоблайди.

Бу фикрнинг содда талқинига кўра, AI фильм, мусиқа ёки тасвир ярата олиши мумкин, аммо ҳақиқий спорт мусобақасини яратолмайди. Томошабинни ўйинга жалб қиладиган асосий жиҳат — натижанинг олдиндан номаълумлиги ва майдондаги воқеалар ҳақиқий эканидир.

Кенгроқ тахмин эса шундан иборатки, AI одамларнинг бир қисмини ишсиз қолдирса ёки уларнинг иш вақтини қисқартирса, бўшаган вақтнинг катта қисми спортга сарфланиши мумкин. Жамоалар нафақат эътибор, балки одамлар шахсияти ва жамиятдаги ўрнининг бир қисмига айланади.

Бундай дунёда жамиятнинг энг кўп тингланадиган файласуфи университет профессори ёки компания раҳбари эмас, спорт жамоаси мураббийи бўлиши мумкин. Унинг асосий асари эса китоб эмас, Netflix’даги кийиниш хонаси ҳақидаги ҳужжатли сериал бўлади.

Teglar

Mavzuga oid