Meta Instagram, Facebook ва WhatsApp учун янги пуллик тарифларни ишга туширди

Kecha 21:482 daqiqa

Янги тарифлар фойдаланувчиларга кенгайтирилган аналитика, махфийлик ва интерфейсни мослаштириш имкониятларини тақдим этади.

Meta Instagram, Facebook ва WhatsApp учун янги пуллик тарифларни ишга туширди © tgrthaber.com

Meta Instagram, Facebook ва WhatsApp платформалари учун янги пуллик обуна хизматларини глобал миқёсда жорий этмоқда. Компания маълум қилишича, Instagram Plus ва Facebook Plus обуналари ойига 4 доллардан таклиф этилади. WhatsApp Plus эса фойдаланувчиларга ҳар ой 3 долларга тушади. Шу билан бирга, янги хизматлар аввалдан мавжуд бўлган Meta Verified тизимининг ўрнини босмайди.

Instagram Plus ва Facebook Plus афзалликлари

Instagram Plus обуначилари «Stories» бўйича чуқурлаштирилган статистикадан фойдаланиши, ҳикояларнинг кўриниш муддатини 24 соатдан узайтириши мумкин. Шунингдек, «Яқин дўстлар»дан ташқари чекланмаган фойдаланувчи рўйхатларини яратиш, «Stories»ларни аноним кўриш ва ўз постларини айрим обуначилар лентасидан яшириш имкони ҳам пайдо бўлади. Facebook Plus хизмати ҳам ўхшаш функциялар ва қўшимча персонализация воситаларини таклиф қилади.

WhatsApp Plus афзалликлари

WhatsApp Plus эса кўпроқ чатларни мустаҳкамлаш, чат рўйхатларини эркин созлаш, иловадаги дизайн ва билдиришнома товушларини ўзгартириш ҳамда эксклюзив стикерлардан фойдаланиш имконини беради.
Meta алоҳида таъкидлашича, ойига 15 долларлик Meta Verified хизмати ўзгаришсиз қолади. У аккаунтни тасдиқлаш ва «кўк белги» олиш учун мўлжалланган.

Meta сунъий интеллект таърифлари

Компания шу билан бирга Meta One ва Meta One Premium номли янги сунъий интеллект тарифларини ҳам синовдан ўтказмоқда. Уларнинг нархи мос равишда ойига 8 ва 20 доллар этиб белгиланган. «Premium» версияси мураккаб сўровларни қайта ишлаш учун кучлироқ ҳисоблаш ресурсларини тақдим этади.

Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда эса Meta Instagram ва Facebook’да рекламаларни тўлиқ ўчириш имконини берувчи алоҳида обуналарни таклиф қилмоқда. Бу қарор Европа регуляторлари талаблари асосида жорий этилган.

Teglar

Mavzuga oid