Метан «заправка»лар чеклов билан ишламоқда
Ҳаво ҳарорати кўтарилишига қарамай, метан қуйиш шохобчалари фаолияти чекланган ҳолда фаолият юритади.
© Foto: Vaqt.uzБугун, 7 март куни республика бўйлаб метан газ қуйиш шохобчалари чеклов билан ишламоқда. Маълум қилинишича, метан «заправка»лар соат 10:00 дан 16:00 гача фаолият юритади.
Энергетика вазирлиги ахборотига кўра, ушбу чеклов газ таъминоти тизимидаги босим билан боғлиқ ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда жорий этилган. Шу сабабли метан қуйиш шохобчалари белгиланган вақт оралиғида ишлаши режалаштирилган.
Фарғона водийси ҳудудларида эса вазият алоҳида тартибда ҳал этилиши айтилмоқда. Вазирлик маълумотига кўра, бу ерда метан заправкаларнинг иш вақти газ босими ҳолатидан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Айрим ҳудудлардан келиб тушган мурожаатларда Фарғона водийсидаги баъзи газ қуйиш шохобчалари умуман ишламаётгани ҳақида хабарлар берилган.
Эслатиб ўтамиз, 6 март куни Энергетика вазирлиги магистрал газ қувурларида босимни меъёрга келтириш ишлари давом этаётгани туфайли метан «заправка»лар асосан ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи транспорт ва жамоат транспорти учун ишлашини маълум қилган.





