Logo

«Microsoft»даги узилиш глобал бизнесни факс ва телефонларга қайтарди

Bugun 12:254 daqiqa

12 ноябр куни бошланган глобал техник носозлик «Microsoft»нинг асосий хизматларини ишдан чиқарди. Муқобил ечим излаган йирик биржалар, банклар ва давлат идоралари вақтинча оддий телефон ва факслардан фойдаланишга мажбур бўлди.

«Microsoft»даги узилиш глобал бизнесни факс ва телефонларга қайтарди © Foto: Scott Olson/Getty Images/AFP

12 ноябр куни «Microsoft» хизматларида юз берган йирик техник носозлик дунё бўйлаб бизнес ва давлат ташкилотлари фаолиятини деярли фалаж қилиб қўйди. Компаниянинг «Outlook» электрон почтаси, «Teams» мулоқот платформаси ва «Copilot» сунъий интеллект ёрдамчисидаги узилишлар сабабли миллионлаб фойдаланувчилар хат юбора олмади, электрон почта қутисига кира олмади ва корпоратив хизматлардан узилиб қолди.

Носозлик бир неча соат эмас, балки бир суткадан ортиқ давом этди. Оқибатда мижозлар ва ҳамкорлар билан алоқани ушлаб туриш мақсадида айрим компаниялар телефонларга, молия ташкилотлари эса ҳатто тасдиқлаш операцияларини амалга ошириш учун факс аппаратларига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

«Microsoft» дастлаб серверлардаги техник муаммоларни бартараф этишга киришганини маълум қилди. Кейинроқ эса хизматларни тиклаш жараёнида силжишлар кузатилаётганини хабар қилди.

Муаммо қандай бошланди?

Хизматлардаги узилишлар 12 ноябр куни Тошкент вақти билан соат 21:00 (Гринвич бўйича 16:00) атрофида кузатила бошлаган. Аввалига фойдаланувчилар фақат «Outlook» почтасига кира олмаётганидан шикоят қилишган.

Бир соат ичида «Downdetector» портали интернет хизматларидаги узилишлар ҳақида 74 та мамлакатдан шикоятларни қайд этган. Дастлаб муаммо фақат Америка минтақасига хос эканини айтган «Microsoft» кейинчалик узилиш бошқа ҳудудларга ҳам тарқалганини тан олди.

Носозлик фақат хат юбориш билан чекланиб қолмади. «Microsoft 365» тизимидаги электрон ҳужжатлар билан ишлаш, тақвим, корпоратив мулоқот ва сунъий интеллект имкониятлари ҳам ишдан чиққан. Серверларни қайта ишга тушириш орқали тизимни барқарорлаштиришга уринган компания дастлабки соатларда инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлай олмади ва узилиш 24 соатдан ортиқ давом этди.

Қайси хизматлар ишламай қолди?

Муаммонинг ўзаги «Microsoft»нинг булутли электрон почта ва тақвим инфратузилмаси — «Exchange Online» билан боғлиқ эди. Ушбу инфратузилма «Outlook» ва бошқа корпоратив хизматлар билан чамбарчас боғлангани сабабли узилиш кенг қамровли бўлди:

  • Outlook: Фойдаланувчилар почта қутисига кира олмади, хатларни юбориш ва қабул қилишда узилишлар бўлди, айрим хатлар жуда кечикиб етказилди.

  • Microsoft Teams: Электрон почтага боғланган тақвим, учрашувларни режалаштириш ва айрим мулоқот функциялари ишламай қолди (гарчи барча имкониятлар тўлиқ узилмаган бўлса-да).

  • Microsoft Copilot: Сунъий интеллект ёрдамчисининг айрим версиялари очилмади ёки почта, тақвим ва ҳужжатларга мурожаат қилиш имконияти чекланди.

  • SharePoint Online: «Exchange Online» билан боғлиқ ташқи файл алмашиш функциялари ишламади. Бироқ тизимда бевосита сақланган файлларга кириш имконияти сақланиб қолган.

  • To Do ва Planner: Вазифаларни бошқаришда узилишлар қайд этилди.

  • Microsoft 365 бошқарув панели: Маъмурий саҳифаларни очишда муаммолар пайдо бўлди.

Асосий зарба «Exchange Online» функцияларига тўғри келган ва бу бошқа ўзаро боғлиқ хизматларга таъсир кўрсатган.

«Reuters» хабарига кўра, «Downdetector» бутун дунё бўйича 7,4 миллиондан ортиқ узилиш ҳақидаги хабарларни қайд этган. 13 ноябр тонгига келиб, 72 та мамлакатдан фақат «Outlook»нинг ўзи бўйича камида 43 мингта шикоят тушгани айтилмоқда.

Давлат идоралари қоғозга қайтди

Узилиш нафақат хусусий сектор, балки давлат идоралари фаолиятини ҳам қийинлаштирди.

Япония ҳукуматининг умумий IT-инфратузилмаси жабр кўрди. Мамлакатдаги айрим давлат хизматчилари ишни давом эттириш учун вақтинча қоғоз ҳужжатларга ўтишга мажбур бўлди. Сингапурнинг давлат технология агентлиги почта хизмати ишламаётганини тасдиқлади.

Филиппин Олий суди «Microsoft 365» тизимидаги узилиш сабабли электрон почта орқали жавоб бериш жараёнлари тўхтаб қолганини маълум қилди. Австралияда судларнинг жонли видеоузатиш тизимларида муаммолар юзага келди, мактаблар эса дарсга келмаган ўқувчиларнинг ота-оналаридан почта эмас, телефон орқали хабар беришни сўради.

Буюк Британиянинг Миллий соғлиқни сақлаш хизмати беморлардан шошилинч мурожаатларни телефон орқали юборишни сўраган бўлса, маҳаллий полиция идоралари жиноятлар ҳақидаги онлайн хабарларни қабул қилишда қийинчиликларга дуч келди.

Биржалар телефонга, банклар факсга ўтди

Молиявий операциялар ва корпоратив алоқа жараёнлари ушбу узилишнинг энг катта қурбонларига айланди.

Европа фонд биржаларини бошқарувчи «Euronext» листингдаги компанияларга биржа вакиллари билан фақат телефон орқали боғланишни тавсия қилди. Буюк Британиянинг «Aviva» суғурта компанияси ҳисобот тақдимоти учун захира режасига ўтган: меҳмонларга муқобил телефон рақамлари тарқатилган, айрим аудиоёзувлар эса Bluetooth орқали узатилган.

Даниянинг йирик «Maersk» логистика компанияси мижозларидан шошилинч масалаларда фақат телефон орқали мурожаат қилишни сўради. Тайванда эса қимматли қоғозлар компаниялари, суғурта ва инвестиция фондлари одатда электрон почта орқали тасдиқланадиган операцияларни факс орқали амалга оширишга мажбур бўлди.

Носозликка нима сабаб бўлди?

«Microsoft» ҳозирча ушбу глобал узилишнинг якуний техник сабабини тўлиқ тушунтиргани йўқ.

Дастлабки баёнотларга кўра, бир қатор серверларнинг кутилмаганда ишдан чиқиши инфратузилмага қўшимча юклама тушишига олиб келган.

«Microsoft» ҳодисани киберҳужум билан боғловчи ҳеч қандай далил йўқлигини расман билдирган.

Бизнеснинг рақамли қарамлиги савол остида қолди

«Microsoft»даги узилиш жаҳон иқтисодиёти битта ёки иккита йирик технологик провайдерга қанчалик боғланиб қолганини яққол кўрсатиб берди.

Сент-Эндрюс университети мутахассиси Стивен Маккуистоннинг фикрича, ташқи томондан алоҳида маҳсулотлардек кўринадиган «Outlook», «Teams» ва «Copilot» аслида умумий инфратузилманинг катта қисмидан фойдаланади. Шу сабабли битта компонентдаги носозлик ҳаммасини бир вақтда ишдан чиқариши мумкин.

Мутахассислар компанияларни барча муҳим жараёнларни битта ташқи провайдерга топшириб қўймасликка, асосий алоқа воситалари узилганда ишлайдиган муқобил тизимларни (захира режаларини) доимий синаб боришга чақирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid